Саудия Арабистонининг собиқ бош қозиси шайх Солиҳ ал-Луҳайдон, 11 сентябр куни АҚШдаги террорчилик ҳаракатлари ҳақида
Нима бўлганда ҳам Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Раҳмати ила эзгуликни олий қилувчи Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Барчасини олдиндан тақдир қилган ва белгилаб қўйган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Фикрий ихтилофларга сабаб бўлган АҚШдаги фалокатли воқеа хусусида одамлар бизга ва бир-бирларига кўп саволлар беришмоқда. Улар бу каби ҳодисалар шариат нуқтаи назардан қандай баҳоланишини билиш истагидалар. Шубҳасиз Ислом шариати барча масалаларни қамраб олган диний қонуниятдир. У ҳар қандай ҳодисага нисбатан қўллашга яроқли, ҳар бир муаммонинг ечими мавжуд бўлган йўлдир. Шариат ҳар қандай фалокат ва унинг миқёси хусусида ҳукм чиқариш имконини беради. Яқинда содир бўлган воқеа шулар жумласидандир. Кўпинча одамлар «бу каби ҳодисаларга шариатнинг муносабати қандай, шариат бу каби ҳаракатларга рухсат берадими, мусулмон уламолари ушбу амалларни оқлайдиларми» каби саволларни беришади. Бу каби ҳодисаларга нисбатан исломнинг муносабати ҳақида нима дейишимиз мумкин? Мусулмон уламолари бўлиб ўтаётган барча ҳодисалар ҳақида фикр билдиришлари шарт. Улар мусулмон ва номусулмонларга етган мусибатларга шариатнинг муносабатини тушунтириб беришлари лозим. Шубҳасиз бўлиб ўтаётган барча ҳодисалар Аллоҳнинг қазо ва қадари билан содир бўлди. Шариатни ҳар қандай ҳодисага нисбатан қўллаш мумкин. Доноларнинг доноси ва меҳрибонларнинг энг меҳрибони бўлган Аллоҳ адолатли ҳакамдир. У ўзига ўзи зулмни ҳаром қилди ва бандалари орасида ҳам ҳаром қилганини эълон қилди. Ҳадиси қудсийнинг бирида ривоят қилинишича, Аллоҳ таоло шундай деди: «Эй бандаларим, Мен Ўзимга зулм қилишни ҳаром қилдим ва сизларнинг ўртангизда ҳам зулм қилишингизни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!» (Имом Муслим «Саҳиҳ», ҳадис № 2577). Қачонки айбсиз зўравонликка йўлиқса ва ҳеч қандай жиноят қилмаган ўлдирилса, мана шу зулмдир. Нафақат инсонларга, балки Жинларга ҳам юборилган ғамхўр ва раҳмли пайғамбар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ўзларининг кўрсатмаларини бердилар. Улар ҳарбий юриш ва жанговор ҳаракатларда иштирок этганлар. Жангчиларни ҳарбий юришга тайёрлар эканлар, айтардилар: «Ёш бола, аёл киши, мункиллаб қолган қария ва ибодатхонасидаги роҳибни ўлдирманглар» (Имом Муслим ривояти). Демак Ислом фақатгина ўлдираётган, урушаётган ва мусулмонларга ҳужум қилаётганларни ўлдиришга рухсат беради.[1] Шунинг учун ҳам бу каби кўкрак сутидан ажрамаган гўдаклар ва аёллар, қария эркак ва қария аёллар, касал ва соғломлар қурбони бўлаётган, мулк ва мулкдорга зарар келтираётган жиноятлар, улкан жиноят ва катта гуноҳ ҳисобланади. Шариат уларни ерда бузғунчиликни ёйиш, экин ва чорваларнинг болаларини қириб ташлашга тенглаштирди. Ваҳоланки Аллоҳ ва унинг Расули соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу каби ишларни таъқиқлашган. Ривоят қилинишича Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам жанг майдонида ўлган аёлни кўриб: «У билан урушмаслик керак эди» дедилар (Имом Абу Довуд ривояти). Бу у аёлни ўлдириш қатъий ман қилинганига далолат қилади. Мусулмон учун ҳатто душманига адолатсиз равишда етган мусибат учун хурсанд бўлиши тўғри бўлмайди. Чунки адолатсизлик номақбул ишдир. Жазога нолойиқ кимсага нисбатан душманлик қилиш эса таъқиқланган ва жирканч амалдир.[2] Энди кўпчилик гувоҳлигида, кенг овоза бўлган ва бу ишни кўрганларда қўрқув хиссини уйғотган жиноят ҳақида нима дейиш мумкин?! Қандай қилиб бу ҳаракатларни мусулмонлар оқлашади дейиш мумкин?! Бўлиб ўтган ишларга нима деб баҳона ўйлаб топишмасин, уларнинг баҳоналари номақбулдир. Агар бу каби ҳаракатларни Ислом мезони билан баҳоланса, уларни оқлаш мумкин эмас. Аллоҳ таоло мусулмонларга хитоб қилиб Қуръони каримда шундай марҳамат қилади: «Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адолат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир» (Моида: 8). Адолатга еру-осмон таяниб туради. Оммавий жазолашга келсак, унинг адолатга ҳеч қандай алоқаси йўқ ва фақатгина адолатсизлик, зўравонлик ва жирканч амал сифатида қайд этилади. Биргина айбсиз инсонни ўлдириш улкан гуноҳ ҳисобланар экан, кўпчиликни ўлдириш қанчалик оғир иш эканлиги ҳақида нима дейиш мумкин?! Мусулмон кишининг онги ушбу кўпчилик гувоҳи бўлган даҳшатли воқеани оқлаши мумкин эмас. Ушбу жиноятни амалга оширганларнинг баҳоналари ҳеч қанақаси ҳисобга олинмайди, ҳатто улар исломий муҳит ва мусулмон давлатда вояга етган бўлсалар ҳам. Шариат бу каби ҳаракатларни хатарли жиноятлар қаторига киритишини таъкидловчи уламоларнинг сўзларигина аҳамиятлидир. Саудия Арабистони Қироллигига самолётларни ўғирлаш ҳақидаги хабарлар илк бора етиб келганда, улар орасида бир дона ҳам Саудия самолёти йўқ эди. Бу давлат уламолари йўловчиларнинг мусулмон ёки номусулмон бўлишидан қатъий назар бундай ҳаракатлар таъқиқлангани ҳақида фатво чиқаришган эди. Уламолар бу каби адолатсизликни ҳаром деб ҳисоблашди. Сабабсиз зўравонлик ва инсонларни қўрқитиш эса улкан разиллик ва бузғунчиликлар сирасига киради. Саудия Арабистони Қироллиги исломий давлат ва шариатга эргашувчи сифатида бу каби ҳаракатларни ва бу ишни қилганларни қоралашганлигининг ажабланарли жойи йўқ. Ушбу давлат ҳар қандай йўл тутганда ҳам, бу ишлари Исломга зид бўлмаслиги керак. Бу дегани ушбу давлат қарорларида бундай ҳаракатларни қоралаши, дин кўрсатмаларига таянишига ва Ислом нуқтаи назаридан фикр билдираётганига далолат қилмоқда. Модомики ушбу давлат худудида мусулмонларнинг икки ҳарами жойлашган экан, модомики Ислом рисолати айни шу ердан тарқалган экан, унинг бу каби жирканч ҳаракатларни оқламаслиги, бу ишларни қилаётганларга танбеҳ бериши ва ушбу ҳаракатлар ортида турган жиноятчиларни яширувчи ёки уларни оқловчиларни қоралашига қандай ажабланиш мумкин?! Ислом динига эътиқод қилган, шариат мақсадларидан хабардор, шариат Аллоҳнинг бандаларига қанчалик раҳмдил ва ҳамдард эканлигини билган инсон бу каби ҳаракатларни энг жирканч ва инсонларга энг катта зарар келтирувчи иш деб билади. Мен ушбу чиқишга розилик беришимдан аввал менга кўпгина саволлар берилди. Одамлар Қозилар маҳкамаси бошлиғининг сўзини эшитишни исташаётгани ва уларнинг кўпчилик эканлигини эътиборга олган ҳолда, Саудия Арабистони Қироллиги адлия идоралари нуқтаи назарини билдириш мақсадида кўпчилик олдида чиқиб гапирмоқликни лозим деб топдим. Мен шуни эълон қиламанки: Бу каби ҳаракатлар қораланишга лойиқдир. Бироқ Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Жиноятга фақатгина жиноятчи айбдор» (Термизий, Ибн Можа ривояти), деган сўзларини унутмаслигимиз керак. Бу дегани бирор ким жиноятга қўл урса ёки жамиятнинг маънавий негизларини оёқости қилса, жавобгарликни фақатгина ўзи тортади ва бошқаларни бунда айбламаслик лозим. Мен ушбу камера олдида чиқиш қилишимдан аввалроқ бир газета муҳбири саволига жавоб берар эканман, ушбу ҳаракатларга ҳеч қандай оқлов йўқлигини тушунтирдим. Бу ишлар фақатгина нафрат, бу каби ҳаракатларни оқламаган ва мақтамаган мусулмонларга қарши қаратилган қасос олиш ҳаракатларига олиб боради. Бироқ адолат ва фаросат ҳар ким ўзининг гуноҳи учунгина жавобгар бўлиши кераклигини талаб қилади. Маълум бир шахс ёки маълум бир гуруҳ инсонлардан бировнинг гуноҳига жавоб беришни талаб қилмаслик керак. Бу ҳақда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтганлар: «Жиноятга фақатгина жиноятчи айбдор». Қуръонда ҳам айтилган: «Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас!» (Нажм: 38).