Уламолар гўшти заҳарлидир!

Шайх Носир ибн Сулаймон Умар

Мутаржим: Абу Жаъфар ал-Бухорий

Ушбу китоб:

- хоҳ оғзаки, хоҳ ёзма равишда бўлсин, уламоларга тил теккизадиган;

- илмига амалли уламоларни қоралайдиган, ўзларининг ғаразли мақсадлари йўлида уларни айблаб, шаънларига чидаб бўлмас ҳақоратларни ёғдирадиган ва бошқаларни ҳам шу йўлларига чақирадиган;

- куч-ғайратларини илм аҳлига қарши сарфлайдиган барча-барчага қаратилган.

Биз уларга шундай деймиз:

Биринчидан: Аллоҳ сизларни ҳидоят қилсин, уламоларни бунча кўп чайнайверманг! Унутманг, уларнинг гўшти заҳарли! Бировлар обрўсини ноҳақ тўкувчиларга Аллоҳнинг берадиган жазоси маълум!

Иккинчидан:

Осмонўпар тоғларни сузган, эй қўчқор,

Бошингга ҳушёр бўл, тоққамас зинҳор!

Учинчидан: Ислом Уммати ўз уламоларига бўлган ишончини йўқотган эмас. У қалби моғор босган тубан кимсаларнинг аккиллашларини қабул қилмайди!

Аллоҳим! Дининг, Китобинг, Пайғамбаринг суннати узра барқарор бўлган солиҳ бандаларингга Ўзинг мадад бергайсан.

Ношир

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Барча ҳамду санолар Аллоҳга хосдир. Биз Унга ҳамд ва истиғфор айтамиз, Ундан ёрдам ва ҳидоят сўраймиз, нафсимизнинг шумлигидан ва амалларимизнинг ёмонлигидан Унинг Ўзидан паноҳ сўраймиз. Аллоҳ ҳидоят қилган кимсани адаштирувчи, адаштирган кимсани ҳидоят қилувчи йўқдир. Мен ягона, шериксиз Аллоҳдан ўзга ҳақ илоҳ йўқ ва Муҳаммад Унинг бандаси ва элчисидир деб гувоҳлик бераман. Аллоҳ таоло у зотга ҳамда аҳли-аёл ва асҳобларига салавоту саломлар йўлласин.

Эй мўминлар, Аллоҳдан лойиқ бўлганидек тақво қилинглар! (Оли Имрон: 102).

Эй одамлар, сизларни бир жондан яратган, ундан эса жуфтини яратган ва у иккисидан кўплаб эр ва аёлларни таратган Роббингиздан қўрқингиз! Ва ўзаро ўртага қўйиб сўраётганингиз Аллоҳдан ва қариндошлик ришталарини узиб қўйишдан қўрқингиз! Дарҳақиқат Аллоҳ сизларни Кузатиб турувчи зотдир(Нисо: 1).

Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглайди ва гуноҳларингизни мағфират қилади. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди (Аҳзоб: 70, 71).

Сўнг …

Ўртага ташлаётганимиз ушбу мавзу ғоят аҳамиятли ҳамда ортидан келадиган натижалар хатарли бўлгани учун ҳам уни билишимиз зарур.

Бугун кўз очаётган исломий уйғониш ички тарафдан мағлуб бўлиб қолмаслик учун йўлланма ва тавсияларга муҳтож бўлиб қолмоқда.

Олов ютар ўз парчасини

Тополмаса ёнилғисини!

Мен исломий уйғониш ўзини тўғрилик сари йўлловчи ва унга ҳақ тавсиялар берувчи бирон кишини топа олмай қолгудек бўлса, душманлари у ёқда турсин, ўз ичидан хатарларга тушиб қоладими, деб қўрқаман.

Мавзуга киришишдан аввал шуни эслатиб ўтмоқчиманки, ўтган йили исломий онги уйғоқ бўлган, асосан толиби илмлардан иборат айрим мухлис ёшлар жамланиб қолишса кўпроқ шариат уламолари ҳақида сўз юритишаётгани, улардан баъзиларини оқлаб, баъзиларини мазаммат ва танқид қилишаётгани хабари қулоғимга тушди. Шундан сўнг салафларимиз китобларини варақлаб, “Уларнинг ёшлари ва уламолари ҳам бизлар қилаётган ушбу салбий ишларни қилганмикинлар?”, деган саволга жавоб излай бошладим.

Талайгина маълумотлар тўпладим-да, шу асосда дорулфунунлардан бирида маъруза ўқидим. Бироқ, ҳали тўлиқ бўлмагани учун бу мақолани нашр қилишга ҳаракат қилмадим.

Кунлар ортидан ойлар ўтди… Бир кун келиб, даъватчи уламолардан бирлари шаънига туҳмат билан озор беришларига гувоҳ бўлинди. Бу – унгагина эмас, балки барча уламо ва толиби илмларга қаратилган зарба эди. Шу боис бу ҳодиса барчамизни алам ва изтиробга солди. Мазкур маърузамизни эшитган айрим биродарларимиз шундай долзарб пайтда уни рисола шаклида нашр қилиш зарурати туғилганини уқтирдилар. Мен рисоланинг тугалланмаганини таъкидлаб, уларга узр айтдим.

Сўнгра кейинги аччиқ ҳодисалар рўй берди. Кундузлари тундек қоронғу фитналар даврини бошдан кечира бошладик. Аслида нима бўлган эди?!

Душманлар хоҳлаган иш содир бўлган эди. Уламолар гўшти ҳалол қилинган эди!!! Уламо ва толиби илмлар обрўсига путур етказадиган дарвозаларнинг икки қаноти ланг очилди! Авом халқ, мунофиқлар ва илмонийлар (дунёвийлик тарафдорлари) уламоларимизга қарши мутакаббирона фаолиятларини бошладилар.

Қайси йиғинга кирманг, бир уламони айбламасдан ўтмайдилар. Шу боис мен “Эҳтиёжни ўз мавридидан кечиктириш мумкин эмас” деган қарорга келдим ва ушбу сатрлар эслатма ва панд-насиҳат, ҳамда уламоларга тил теккизиш ва уларнинг шарафини булғашнинг ёмон оқибатларидан огоҳлантирувчи мақола сифатида дунёга келди. Унда мен мазкур масалани аҳли суннат ва жамоат манҳажига мувофиқ ҳал қилишнинг тўғри йўлини кўрсатиб беришга ҳаракат қилдим.

Аллоҳ таоло Ибн Асокирни раҳмат қилсин, қуйидаги сўзларни айтган эдилар: “Дўстим, Аллоҳ мени ва сизни Ўз ризосига муваффақ айласин ва Ўзидан лойиқ бўлганидек қўрққанлар қаторида қилсин, уламоларнинг гўшти заҳарли эканини унутманг! Уларнинг обрўларига путур етказмоқчи бўлганларга нисбатан Аллоҳнинг қонунияти маълум! Аллоҳ таоло уламоларга тил теккизган кишини ўлимидан аввал қалбини ўлдириш билан мубтало қилади.

“У (пайғамбар олиб келган) ишга мухолиф бўлган кимсалар (бошларига бу дунёда) фитна ва (охиратда) аламли азоб келишидан қўрқсинлар!” (Нур: 63)”.

“Уламоларнинг гўшти заҳарлидир!” мавзуси узун ва унинг моддалари кўп. Бироқ мен имкон қадар мухтасар қилишга, ўзим зарур деб ҳисоблаган фикрлар билангина чекланишга ҳаракат қиламан.

Бу мавзуга киришиш сабаблари:

Бизни ушбу мавзуда сўз юритишга асосан қуйидаги сабаблар етаклади:

1 – Уламоларнинг Исломдаги ўрни эътиборли экани ва уларни ҳурмат қилиш лозимлиги;

2 – Кўп одамларнинг бу мавзуга эътиборсизлиги;

3 – Баъзи толиби илмларнинг ўзлари сезмаган ҳолда уламоларга тил теккизишлари;

4 – Бу муаммони ҳал қилишда кўплаб даъватчиларнинг тўғри йўлни билмасликлари;

5 – Ҳожалари бўлмиш яҳудий ва масиҳийлар ортидан эргашиб юрган мунофиқ ва илмонийлар (дунёвийлик тарафдорлари)нинг уламоларимизга қарши қилаётган шафқатсиз ҳужумлари.

Уламоларнинг даража ва фазилатлари

Аллоҳ таоло айтади:

“Айтинг: Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўладими?!” (Зумар: 9);

“Дарҳақиқат, Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқадилар” (Фотир: 28);

“Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) раҳбарларга бўйсунинглар!” (Нисо: 59).

Илм аҳлларининг айтишларича, “раҳбарлар” уламолардир. Айрим муфассирлар эса уни амирлар ва уламолар, дея изоҳлаганлар.

Аллоҳ таоло айтади:

“Аллоҳ сизларнинг ичларингиздан иймон келтирган ва илм ато этилган кишиларнинг мақомларини юксалтиради. Аллоҳ сизлар қилаётган ишлардан огоҳдир” (Мужодала: 11).

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан: “Аллоҳ кимга яхшиликини раво кўрса, уни динда фақиҳ қилиб қўяди” ҳадисини ривоят қилганлар.

Абуд-Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда, Росулуллоҳ соллаллҳоу алайҳи ва саллам: “Олимнинг обиддан афзаллиги тўлин ойнинг  бошқа юлдузларга нисбатан афзаллигига ўхшайди. Уламолар пайғамбарларнинг ворисларидир. Пайғамбарлар тилло ё кумуш мерос қилиб қолдирмадилар, балки илм қолдирдилар. Ким уни олган бўлса катта насибани қўлга киритибди” деганлар (Абу Довуд, Термизий, Доримий ривоятлари).

Шайх Абдурраҳмон Саъдий таъкидлаганларидек: “Мусулмонларнинг тўғри йўлдаги уламоларини ҳурмат қилиш билан Аллоҳ таолога қурбат-яқинлик ҳосил қилишади” аҳли суннат ва жамоат эътиқодидан ҳисобланади.

Ҳасан Басрий роҳимаҳуллоҳ: “Салафлар: Олимнинг ўлими Исломдаги кемтик бўлиб, уни замонлар ўтиши тўлдира олмайди, дер эдилар” – деганлар.

Авзоъий роҳимаҳуллоҳ: “Биз одамлар деганда аҳли илмларни тушунамиз. Улардан бошқалар ҳеч ким эмас” – деганлар.

Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ: “Агар биргина фақиҳ тоғнинг чўққисида бўлса-да, унинг ўзи жамоатдир” - деганлар.

Шу маънода шоир айтади:

Одамзот шаклда баробар яралмиш,

Барчаси Одаму Ҳавводан таралмиш.

Мақтанмоқ на ҳожат “Мен фалоний” деб,

Асли насли обу тупроқдан тўралмиш.

Афзаллик олимлар шаънига ярашар,

Уларнинг нурила зулматлар ёришар.

Инсоннинг қиймати илмла ўлчанар,

Жоҳиллар “Зўрман” деб беҳуда кучанар.

Мазкур оят, ҳадис ва ҳикматли сўзлардан уммат уламолари эга бўлган олий мақом ва даражалар намоён бўлмоқда. Шунинг учун одамлар уларни тақдирлашлари, ҳурматларини ўрнига келтиришлари, шараф ва обрў каби ҳақларини тўла қилиб беришлари лозим бўлади. Аллоҳ таоло айтади:

“Ким Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас, бу Роббиси ҳузурида ўзи учун яхшидир” (Ҳаж: 30);

“Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлади” (Ҳаж: 32).

Ушбу оятдаги “шаира” сўзи, уламолар таъкидлаганидек, Аллоҳ таоло изн берган, ҳурмат ва фазилатини сездирган нарсадир.

Уламолар, шубҳасиз, юқоридаги оятларда Аллоҳ изн берган ҳамда ҳурмат ва фазилатини сездирган нарсалар қаторига биринчи бўлиб қўшиладилар.

Демак, уламоларга озор бериб, уларни айблаш Аллоҳга бўлган тоат-ибодатдан юз ўгириш ва уни камситишдир. Баъзи олимларнинг: “Уламоларнинг обрўлари жаҳаннам чуқурларидан бирининг лаби олдидадир” - деган сўзлари ушбу маънони чуқур ифодалайди.

Ислом умматининг мунаввар чироқлари бўлмиш уламоларга озор беришнинг нақадар хатарли экани Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ривоят қилган ушбу ҳадисда ҳам таъкидланмоқда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: “Аллоҳ таоло Ҳадиси Қудсийда шундай деган: Ким Менинг дўстимга душманлик қилса, Мен унга қарши уруш эълон қиламан” (Имом Бухорий ривояти).

Муҳтарам китобхон, судхўрлик билан шуғулланган одам шу ишини ташлаб, тавба қилмагунича Аллоҳ унга уруш эълон қилганини ҳаммамиз жуда яхши биламиз. Бироқ, юқоридаги ҳадисда баён қилинганидек, Аллоҳнинг дўстларига адоват қилган кимсага қарши Аллоҳ уруш эълон қилганини ҳаммамиз ҳам биламизми?! Бирон олим ҳақида сўз кетар экан, мазкур таҳдидларни хаёлимизга келтирамизми?!

Хатиб Бағдодий роҳимаҳуллоҳ имом Абу Ҳанифа ва имом Шофеий роҳимаҳумаллоҳларнинг: “Агар фақиҳлар Аллоҳнинг дўстлари бўлмаса, демак, Аллоҳнинг дўсти йўқ экан” деб айтганларини, имом Шофеийнинг эса: “Фуқаҳолар – илмларига амал қилган олимлардир” деб айтганини нақл қилади.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтдилар: “Бир фақиҳ (олим)га озор берган одам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берибди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берган одам эса Аллоҳ таолога озор берибди”.

Шояд бу хабарлар уламоларнинг фазилатини ифодалаш ҳамда уларга нисбатан адо этилиши керак бўлган ҳуқуқларни эслатишга кифоя қилса.

Тилнинг ўрни ва хатари

Тилнинг хатари ҳақида ҳам бир оз тўхталиб ўтишимиз зарур. Чунки биз тилларимизга эрк бериб, уни тойилишдан қутқариб қолишда сустлик қилмоқдамиз. Шунинг учун ҳам, Аллоҳ таоло бизга лутф қилган аъзо – тил неъматининг фазилатларига ишора қилмоқчимиз. Тилнинг нақадар буюк неъмат эканини Мусо алайҳиссаломнинг ушбу сўзлари ифодаламоқда:

“Тилимдан тугунни – дудуқликни ечиб юборгин” (Тоҳа: 27);

«…. ва тилим бурро эмасдир» (Шуаро: 13);

“Оғам Ҳорун мендан кўра тили гўёроқдир” (Қасас: 34).

Аллоҳ таоло бандасига миннат қилиб шундай деди:

“Биз унга икки кўз, тил ва икки лаб қилмадикми (яратмадикми)?!” (Балад: 8-9).

Агар бу неъматдан маҳрум бўлган инсон – соқовнинг ҳолини бир тафаккур қилиб кўрсак, тил неъматининг қадрини чуқурроқ идрок этамиз:

“Соқов одам ўзининг ички туйғуларини тўла ифода эта оладими?!”.

У бирон бир нарсани ифода этмоқчи бўлса, анчагина аъзоларини ҳаракатга келтиради. Бироқ у на ўзини қондира олади ва на бошқаларга тўлақонли тушунтира олади. Тушунтирганда ҳам, кўп қийналиб тушунтиради.

Демак, тил – Аллоҳ ато этган ва лутф қилган буюк неъматлардан бири экан. Шундай экан, биз уни сақлай олдикми?! Уни яхшиликларга ишлатдикми, ёлғондан, уламоларнинг ва бошқаларнинг шаънларига доғ туширадиган сўзлардан сақлай олдикми?!

Илоҳий хабарлар бу аъзо ишининг муҳимлиги ва уни сақлашда қилинган сустликнинг аянчли оқибатларига ишора қилмоқда. Аллоҳ таоло туҳмат ҳақида шундай деди:

“Ўшанда сизлар уни тилдан тилга олиб, оғизларингиз билан ўзларингиз аниқ билмаган нарсани сўйлар ва буни енгил иш деб ўйлар эдингизлар. Ҳолбуки у, Аллоҳ наздида улуғ (гуноҳдир) (Нур: 15).

Мунофиқлар ҳақида шундай деди:

“Энди қачон хавф кетса, улар яхшилик (яъни ўлжалар) устида очкўзлик қилиб сизларни ўткир тиллар билан ранжитадилар” (Аҳзоб: 19);

“Улар тилларида дилларида бўлмаган нарсани – ёлғонни айтурлар” (Фатҳ: 11).

Шунинг учун ҳам, тилни эҳтиёт қилиш ва унга эрк бермаслик ҳақида буйруқ келган. Аллоҳ таоло айтади:

“Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар!” (Аҳзоб: 70);

“У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур) (Қоф: 18);

(Эй инсон), ўзинг аниқ билмаган нарсага эргашма! Чунки қулоқ, кўз, дил – буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, кўрган, ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради) (Исро: 36).

Термизий роҳимаҳуллоҳ ривоят қилган ҳадисда: “Одамларни жаҳаннамга улоқтираётган нарса уларнинг тилларининг ҳосиласи эмасми ахир?!”, муттафақун алайҳ бўлган ушбу ҳадисда эса: “Ким менга икки жағи ва икки оёғи ўртасидаги нарсага (яъни тили ва жинсий аъзосини сақлашга) кафил бўлса, мен унга жаннатга (киришига) кафил бўламан” дейилган (Имом Бухорий ривояти).

Кўпчилик, хусусан мухлис инсонлар, оёқлари ўртасини ҳаромдан сақлашга кафил бўладилар. Бу ҳам катта неъмат, аслида. Аллоҳ уларга доимо тавфиқ ато этсин. Бироқ биз тилларимизни кафолатга ола биляпмизми? Бирор кунимиз олим ёки бошқаси бўлсин, бирон бир мусулмоннинг обрўсига тил теккизмасдан ўтаяптими?! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг “Мусулмон – унинг тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган кишидир” (Муттафақун алайҳ) деб айтган сўзларига амал қилиб ҳамда “Банда ўйламасдан шундай бир сўзни айтадики, шу сабабли жаҳаннам ичра машриқ ва мағриб ўртасидан ҳам узоқроқ ўринга тойилиб кетади” деб айтилган ҳадисдаги  огоҳлантиришга риоя қилиб, ҳамма ўзини сарҳисоб қилиб кўрсин. Бу хатарли мавзуда фикр юритсин.

Шоирнинг ушбу сатрлари қандай доноларча битилган-а:

Кишига ҳар офат тилидан келар,

Бу сўзим ҳақлигин ҳар оқил билар.

Гар қадам тойилса, тизза шилинар

Тил тойилса-чи, бош дорга илинар.

Бошқа шоир деди:

Тилингни сақлагин, эй азиз инсон!

Ўзингни чақмасин, у ғаддор илон.

Не-не кураклари ерга тегмаган

Полвонларни тили гўрга киритган.

Яна бир шоир шундай деди:

Хомушлик зийнату, сукут шижоат.

Лақмалик сен учун бўлмасин одат.

Сукутга бир бора қилсанг сен афсус,

Минг бора қиларсан Сўзга надомат!

Ҳотим Асам роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хабарчи сўзларингни ёзиш учун ёнингга ўтирса сўзларингни диққат билан талаффуз қиласан-у, Аллоҳга кўндаланг қилинадиган сўзларингни айтишда эҳтиёт бўлмайсан!”

Бу ерда баён қилиш керак бўлган яна бир муҳим мавзу бор. Уламоларни ғийбат қилиш ёмон ва ғийбатнинг энг хунук турларидан эканини билдик, бироқ, бу – улардан бошқаларнинг “гўшти” ҳалол эканига далолат қилмайди. Балки у ҳам ҳаром. Аллоҳ таоло айтади:

“Эй мўминлар, кўп гумон(лар)дан четланинглар! Чунки айрим гумон(лар) гуноҳдир! (Ўзгаларнинг айблари ортидан) жосуслик қилиб юрманглар ва айримларингиз айримларни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирон киши ўзининг ўлган биродарининг гўштини ейишни яхши кўрурми?! Ана, ёмон кўрдингизми?! (Бас, гуноҳи бундан-да ортиқ бўлган ғийбатни ҳам ёмон кўрингиз)! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи, меҳрибондир” (Ҳужурот: 12);

“Мўмин ва мўминаларга қилмаган гуноҳлари боис озор берадиган кимсалар бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устларига олибдилар” (Аҳзоб: 58).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буни баён қилиб дедилар: “Мусулмонга мусулмоннинг қони, обрўси ва моли ҳаромдир” (Имом Муслим ривояти).

Ҳажжатул-вадоъда шундай дедилар: “Сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз сизларга шу шаҳрингиз ва шу ойингиздаги шу кунингиз каби ҳаромдир. Огоҳ бўлинглар, етказдимми?!” (Муттафақун алайҳ).

Бошқа бир ҳадисда ушбу сўзлар бор:

- “Ғийбат нима эканини биласизларми?

Саҳобалар:

- “Аллоҳ ва расули билувчироқ!” – дедилар.

- Биродарингизни у ёқтирмайдиган нарса билан тилга олишингиздир.

- Агар биродаримда мен айтаётган нарса бўлса-чи?

- Агар сиз айтаётган нарса дўстингизда бўлса уни ғийбат қилган, агар унда ўша нарса бўлмаса унга туҳмат қилган бўласиз” (Имом Муслим ривояти).

Абу Довуд роҳимаҳуллоҳ “Сунан”ида Анас розияллоҳу анҳунинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қилган ушбу ривоятини келтирган: «Мен (Меърожга) олиб чиқилганимда тирноқлари мисдан бўлган одамлар ёнидан ўтдим, улар юзлари ва кўксиларини тирнаётган эдилар.

- Ё Жибрил, булар кимлар? - деб сўрадим. У:

- Улар одамларнинг “гўштлари”ни еган ва уларнинг обрўларини поймол қилганлар - деди.

Агар оддий одамларга тил теккизган, уларнинг обрўларини поймол қилганларнинг ҳоли шу бўлса, уламоларга тил теккизганларнинг ҳоли не кечаркин?!.

Ибн Қоййим роҳимаҳуллоҳнинг бу маънода нафис ва зарҳал ҳарфлар билан ёзилишга сазовор иборалари бор. Чунки бу сўзлар кўплаб толиби илмларнинг ҳолатига айнан мос келади: “Кўплаб парҳезкор инсонларни кўрасизки, зулму бузуқликлардан сақланган бўлишади. Бироқ, айтаётган сўзларига аҳамият бермай, тиллари тириклар ва ўликлар обрўсига чанг солади”.

Уламолар гўштини ейиш сабаблари

1 – Ҳавас ва ғайирлик

Ҳавас – мақтовга сазовор хислатлардан бўлиб, кишининг Аллоҳнинг дини ва ҳаром қилган нарсалари учун таъсирланишидир. Бироқ бу хислат эҳтиёткор бўлмаган одамни, сезмаган ҳолатида, аста-аста уламолар гўштини ейишга олиб бориши мумкин.

Ғайирлик эса мазамматли хислатлардан бўлиб, ҳасаднинг оғасидир. Бу ердаги ғайирликдан мақсад – (билим савияси яқин бўлган) уламоларнинг бир-бирлари ҳақида айтган сўзларидир. Саид ибн Жубайр роҳимаҳуллоҳ айтганлар: “Уламоларнинг илмига қулоқ солингиз. Бир-бирлари ҳақида айтган танқидий гапларини эса тасдиқламангиз. Жоним қўлида бўлган Зотнинг номига онт ичиб айтаманки, улар, қўтонларидаги эчкиларнинг бир-бирлари билан аралашиб кетишидан ҳам тезроқ ўзгарувчандирлар”. Яъни, уламоларнинг билимларидан фойдаланинглар, аммо савияси тенгдошларнинг бир-бирлари ҳақида айтган сўзларига ишонманглар.

Шунинг учун ҳам имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ: “Савияси тенгдош бўлганларнинг бир-бирлари ҳақида айтган гапларига эътибор берилмайди. Айниқса, у гаплар ҳасад ё мазҳаб ёки нафс-ҳаво сабабли айтилган бўлса” дейдилар.

2 – Ҳасад

Ҳасад – инсоннинг кўзини кўр, қулоғини кар қилиб қўяди. Обрў ва бойликка эришиш учун рақобатлашиш ҳам ҳасаднинг бир туридир. Баъзилар султонга ёқиш ёки обрў ва бойликка эришиш учун бир-бирларини қоралайдилар.

3 – Нафс-ҳаво (истак)

Уламолар гўштини (ғийбат билан) еяётган айрим кимсалар бу ишларини Аллоҳ учун холис қилмаяптилар, балки Уммат уламолари обрўсига путур етказиш учун нафс-ҳаволарига (кўр-кўрона) эргашмоқдалар. Нафс-ҳавога кўр-кўрона эргашиш эса, бандани яхшиликка олиб бормайди. Аллоҳ таоло айтди:

“Ҳавога эргашманг, сизни Аллоҳнинг йўлидан адаштиради” (Сод: 26);

“Улар Сизга ижобат қилмасалар, билингки, улар нафс-ҳаволарига эргашмоқдалар” (Қасас: 50).

Шайхулислом ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ: “Нафс-ҳаво эгасини кўр ва кар қилиб қўяди” - деганлар.

Салафи солиҳлар: “Икки тоифадан – нафс-ҳавосига эргашган одамдан ҳамда дунёдор одамдан эҳтиёт бўлингиз. Зеро, улардан биринчисини ҳавоси фитнага солган, иккинчисини эса дунё кўзини кўр қилгандир” – дердилар.

4 – Тақлид

Аллоҳ таоло мушрикларни залолатда аждодларига тақлид қилган, дея хабар берди:

Балки улар (шундай) дедилар: Бизлар оталаримизни бир уммат узра топдик ва биз ҳам уларнинг изидан эргашамиз” (Зухруф: 22).

Барча тақлид ҳам мазамматли эмас. Уламолар тақлид ҳақида баъзи тафсилотларни айтиб ўтганлар. Бироқ мен бу ўринда, уламоларни айблашга олиб борадиган тақлид тури ҳақида тўхталмоқчиман. Гоҳо бирон бир олимнинг обрўсини тупроққа қориштираётган кимсага дуч келганингизда ундан: “Сиз шу олимнинг суҳбатида бўлганмисиз, ўзи?” – деб сўрасангиз: “Йўқ!”- деб жавоб беради. “Ундай бўлса, қандай қилиб у олимнинг гап-сўзларию, юриш-туришлари ҳақида бундай сўзларни айтаяпсиз?” – десангиз, у: “Менга фалончи айтди-да!” – деб жавоб беради. Демак, у, фалончининг сўзига кўр-кўрона тақлид қилиб, бир олимнинг шаънини осонлик билан булғаб юрган бўлиб чиқади.

Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Сизлардан бирингиз, динида бир одамга, у мўмин бўлса мўмин бўлиб, кофир бўлса кофир бўлиб, кўр-кўрона тақлид қилмасин. Зеро, ёмон ишларда ўрнак олинмас” - дедилар.

Имом Аъзам Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ: “Китобларимдан манбаъларимни билмай туриб фатво бериш, ҳеч бир кишига ҳалол эмасдир” - дедилар.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ: “Диний ишларда бошқаларга тақлид қилиш – кишининг диний билимининг саёзлигига далилдир” - дедилар.

5 – Мутаассиблик

Уламоларга тил теккизаётганларнинг, хусусан толиби илм ва баъзи даъватчиларнинг сўзларини чуқурроқ текшириб кўриб, уларни бунга ундаган нарса мутаассиблик эканини билдим. Мутаассибликка сабаб эса гуруҳбозлик, яъни мазҳаб, жамоат, қабила ёки ўлка учун тарафкашлик қилишдир. Ҳолбуки, бу тор маънодаги тарафкашлик мусулмонларни шунчалар парчалаб ташладики, уларга шоирнинг ушбу сўзлари мос тушади:

Ғузайя нима бўлса

Мен ҳам айни ўшаман.

У ҳақ бўлса мен ҳам ҳақ,

Адашса адашаман.

Айрим толиби илмлар баъзи олимлар ҳақида салбий гапларни айтиб юрадилар-да, бирдан мавқеъларини ўзгартириб, фалончи мақтагани учун мазкур олимни мақташ йўлига ўтадилар. Таассуб қилаётган одамлари адашса адашадилар, тўғри йўлда бўлса тўғри йўлда бўладилар. Бас, баъзи толиби илмлар ва даъватчилар ақлларини бошқалар қўлига топшириб, ўшаларнинг динларига тақлид қилмоқдалар.

Яқинда ўз ўлкаси уламоларини қўллаб, бошқа ўлка уламоларини қоралаган одамларни кўрдик. Во ажаб! Мусулмонларнинг ўлкаси алоҳидами?! Бу – мазмум мутаассиблик эмасми?! Шарқликлар шарқлик уламоларга, ғарбликлар ғарблик уламоларга ва улар ўртасидаги минтақада яшаётганлар ўша ерлик уламоларга таассуб қилишлари тарқоқлик-ҳизбчилик эмасми?!

Бу таассуб, “Ҳақиқатни, ким айтишидан қатъий назар, қабул қиламиз” деб даъват этганимиз соғлом манҳажга зиддир. Шунинг учун ҳам, Абу Ҳомид Ғаззолий роҳимаҳуллоҳ мутаассибликни қоралар экан: “Мутаассиблик – кишиларни ҳақиқат мезони билан эмас, ҳақиқатни кишилар мезони билан танийдиган ақли заиф инсонларнинг одатидир” – деган эдилар.

6 – Ўзини олим қилиб кўрсатиш

Ҳозирги даврда ўзини олим сановчиларнинг сони кўпайган. Баъзи ёшлар кўр-кўрона қайсидир уламоларни танқид қилиш ёки аксинча, уларнинг сўзларига кўр-кўрона ёпишиб олиш йўлини тутишмоқда. Бу – ўта хатарли ишдир. Чунки, жоҳилларнинг жоҳили – ўз меъёрини билмаган ва ҳаддидан ошган одамдир.

7 – Мунофиқлик ва ҳақиқатни ёқтирмаслик

Аллоҳ таоло айтади:

“Уларнинг дилларида мараз бор эди, бас, Аллоҳ маразларини янада зиёда қилди” (Бақара: 10);

“Уларга: “Мана бу кишилардек иймон келтиринглар”, дейилса, “Шу пасткашларга ўхшаб мўмин бўламизми?” - дейдилар. Огоҳ бўлингизким, уларнинг ўзлари тубан кимсалардир, лекин буни билмайдилар” (Бақара: 13);

“Иймон келтирган зотларга йўлиққанларида: “Биз ҳам иймон келтирдик”, дейдилар. Ўзларининг шайтонлари (бошлиқлари) билан ҳоли қолганда эса: “Биз албатта сизлар билан биргамиз, фақат (уларнинг устидан) кулмоқдамиз, холос”, дейишади” (Бақара: 14).

Ҳақни суймаган илмоний, миллатчи, динни масхара қиладиган мунофиқ шоир ва бошқалар, қалбларидаги мараз ва ҳаққа ҳамда ҳақ аҳлига нисбатан нафратлари боис, уламоларга тил теккизишнинг катта сабабчиларидир.

Йиғилишларнинг бирида уламолар обрўсига тил узатган шундай мунофиқлардан бирининг сўзини эшитдим ва айни шу йиғилишда унинг сўзларини ўйламай-нетмай тасдиқлаб ўтирган солиҳ кишилардан бирини кўришим ачинарли ҳол эди. Бечорага ўша йиғилишнинг ўзида раддия берилди.

Илмонийлар уламоларимиз ҳақида қаламга олишга хижолат бўлинадиган сўзларни айтмоқдалар. Бу эса уларнинг қалбидаги ғализликка, пайғамбарларнинг меросхўрлари ва улар зиммасига олган ҳақиқатга нисбатан адоватга далолат қилади.

8 – Душманларнинг секуляризм (илмонийлик) ва шу каби режаларини ижро этиш

Уламолар ўз ўлкаларида обрўли ва ҳайбатли бўлар экан, бу ўлкаларда ўзлари учун таянч бўлмаслигини жуда яхши ҳис этган илмонийлар (Аллоҳ уларни расво қилсин) туҳмат, ифтиро ва ихтилофлар билан олимларни обрўсизлантириш ва уларнинг қадрларини туширишга киришдилар. Буларни тахмин билан эмас, балки ишончли илмонийларнинг бизларга нақл қилинган сўзларига асосланиб айтмоқдаман.

Иншааллоҳ, келгуси саҳифаларда бу мавзуда кенгроқ тўхталиб ўтамиз.

Уламоларни айблаш ортидан келадиган оқибатлар

Уламоларни обрўсизлантириш, қадр-қимматларини пасайтириш ортидан ёмон оқибатлар ҳамда нохуш асоратлар вужудга келади. Дунёқараши кенгроқ одам воқеъга чуқурроқ назар солса, буни осонлик билан пайқаб олади. Биз ҳам сизга улардан баъзиларини кўрсатиб ўтмоқчимиз:

1 – Олимни қоралаш  у айтаётган ҳақиқатни инкор этишга олиб боради

Олимнинг шахсини айблаш – оддий одамни айблашдек эмас. Балки, бу айблов унинг шахсияти доирасидан чиқиб, у айтаётган ҳақиқатларни рад қилишга ҳам ўтиб боради.

Шунинг учун ҳам Қурайш мушриклари айни шу усулдан фойдаланишган. Улар авваламбор Исломни эмас, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шахсиятларини айблашди. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни одамлар кўз ўнгида обрўсизлантира олишса, одамлар у зот айтаётган ҳақиқатни қабул қилмаслигини жуда яхши билишар эди. Шунинг учун ҳам улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни жодугар, фолбин ва мажнун дея айбладилар. Шундай бўлсада, Аллоҳга ҳамдлар бўлсин, мушриклар бу йўлда муваффақият қозона олишмади.

Ҳолбуки, пайғамбарликдан аввал Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни омонатдор, ростгўй, доно ва ишончли одам деб таърифлашар эди. Пайғамбарликдан сўнг нима нарса ўзгарди? Уни “жодугар, фолбин ва мажнун” бўлишига сабаб нима эди? Улар Муҳаммад ибн Абдуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзини қасд қилишмаган эди. Чунки У ўша-ўша эди. Бироқ улар Уни пайғамбар деб қасд қилишар ва У олиб келган манҳаж-ҳаёт дастурига қарши курашар эдилар. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни одамлар қалбида обрўсизлантира олсалар, Уни ва У олиб келган йўлни тўса олишларини билишар эди. Бу – бугунги мунофиқларнинг мақсадларидан биридир.

2 – Олимни қоралаш – унинг илмини қоралаш, демакдир

Ҳолбуки, (шаръий) илм – пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросидир. Шунинг учун ҳам, олимни қоралаш – пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни қоралаш, демакдир. Шу маънода Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Фақиҳга озор берган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берибди, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга озор берган киши эса Аллоҳ азза ва жаллага озор берибди” - деганлар.

Демак, олимни айблаган одам (шаръий) илмни қоралаган бўлади. (Шаръий) илмни қоралаган одам эса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг меросини қоралаган бўлади. Шунинг учун ҳам бундай одамлар, ўзлари сезмаган ҳолда Исломга тил теккизган бўладилар.

3 – Уламоларни қоралаш толиби илмларни Уммат уламоларидан узоқлаштиради-да, улар муршид-пешвосиз қоладилар. Натижада, хатар ва хатоларга йўлдош бўлиб, ҳақ йўлдан тойилишади

Биз эса, бугунги ёш авлодимизга буни раво кўрмаймиз.

4 – Уламоларни қоралаш – омма тасаввурида уларни камситиш, қалбларидан ҳайбат ва қадрларини кетказиш, демакдир

Бу – Аллоҳнинг душманларини масрур этиб, қувонтиради. Араб давлатларидан бирида яшайдиган ғаламис раҳбарлардан бири уламоларга ҳақаротомуз тил теккизиб: “Олими бўлсин, шайхи бўлсин, икки дона тухум бериб қўйсанг бас, истаганингдек фатво чиқариб беради!!” – деди.

Ислом Оламининг талайгина давлатларида омма қалбида уламоларнинг қадру-қиймати қолмади. Шу давлатларнинг бирига сафар қилганимда, маҳаллий уламолар ҳақида суриштириб кўрдим, одамлар улар ҳақида бирон маълумот айта олишмади. Улар уламоларга эътиборсиз бўлиб кетишибди. Чунки, секуляризм ўз заҳарларини уламоларга сочиб, уларнинг обрўларига путур етказибди. Натижада, уламолар одамлар назарида эътиборсиз қолмоқдалар.

5 – Душманлар режасини амалга ошириш

Қози, муҳтасиб (назоратчи) ва даъват эгаларини қоралаш – бунга яққол намунадир. Аксарият муҳтасиблар толиби илмлардан бўлиб, уларнинг обрўлари ва қонлари бир пул бўлиб қолмоқда. Авом халқ, мунофиқлар ва илмонийлар уларнинг обрўларига чанг солишмоқда. Ачинарлиси, айрим талабалар ҳам шу фикрларни қўлламоқдалар. Қай бир йиғилишда иштирок этманг, “Амри маъруф ва наҳйи мункар” уюшмаси аъзолари ҳақида ёмон фикрларни эшитасиз: “Уюшма аъзолари хато қилдилар. Улар ундай қилдилар, бундай қилмадилар!” Ажабо, фақат шу уюшма аъзоларигина хато қилаяптиларми?! Нега бошқаларнинг хатоларини тилга олмайсан?! Яқинда шайх Муҳаммад ибн Иброҳим роҳимаҳуллоҳнинг бир фатвосига кўзим тушди. У толиби илмларнинг обрўларига чанг солишнинг ёмон оқибатларидан огоҳлантиради. Хуллас, у давлат идорасидаги масъул одамлар устидан бўрттириб шикоят қилган толиби илмларнинг бир гуруҳи хўрлангани ва қамоққа олинганини нақл қилади.

Бироқ, сиз муҳтасиблардан бирортасини обрўсизлантирган кишининг қамалганини ҳеч эшитдингизми?!

Ҳузуримга келган муҳтасиблардан бири одамларнинг уларга нисбатан бўйиндарозлик қилаётганлари, уларни эса ҳимоя қиладиган бирон кимса қолмагани ва ҳатто уларнинг ўзлари айбдорга айланиб қолаётганидан нолиб гапирди.

Шундай бўлсада, баъзи даъватчи ва толиби илмларнинг мазкур уюшмага қарши курашиш ва уни тубдан йўқ қилиш пайида бўлган пўртанага ўзлари сезмаган ҳолда қўшилиб кетаётганларининг гувоҳи бўлмоқдамиз.

Агар уюшма аъзоларидан бошқа кишиларнинг хатоларини текшириб кўрсак, уларникидан бир неча баробар кўп экани маълум бўлади. Демак, бу айтилаётган сўзлар, уларга нисбатан кин сақлаган кимсалар ривожлантириб, ғофилларгина ёрдам бераётган фитнадан бошқа нарса эмас экан.

Қозилар ҳам қораланиш ва айбланишдан бенасиба қолмаяптилар. Кўпинча одамлардан: “Мана бу қози ундай қилди, анави қози ундай қилди. Фалончи қози ер сотиб олди. Фалончиси дабдабали машина олди. Анави қози ишларни кечиктирмоқда” деган сўзларни эшитасиз. Ҳатто яқинда: “Бизнинг қозиларга ва уларнинг ҳукмларига эҳтиёжимиз йўқ! Чунки, француз қонунлари бизга қозилардан кўра шафқатлироқ!” – деган гапни ҳам айтдилар.

Субҳоналлоҳ! Қозиларгина хато қилиб, бошқалар фариштага айландиларми!! Уларнинг айтаётган гаплари адашган кимсалар шариат қозиларини таг-томирлари билан йўқотиш мақсадида бошлаган ғаразли ҳамладан бошқа нарса эмас.

Мен бу сўзларни ҳаводан олиб гапирмаяпман. Менинг бунга воқеий ҳужжатларим бор. Бу мамлакатда француз қонунларини татбиқ қилишни хоҳлаган кимсалар бор. Алҳамдулиллаҳ, бекор қилинган даъво низоми бунинг яққол мисолидир. Унинг татбиқ қилинишига бир баҳя қолган эди. Биз, бу низомни бекор қилишга ҳисса қўшган ҳар бир кишига ўз миннатдорчилигимизни изҳор қиламиз.

Мазкур даъво низоми Миср қонунларидан, у эса ўз навбатида француз қонунларидан олинган эди.

Уламолар ва толиби илмларни буни тушуниб етишга ва масъул идора ходимларини ижобат қилишга муваффақ қилган Аллоҳга беадад ҳамду санолар бўлсин!

Даъват эгалари ҳақида нималар айтилмади дейсиз! Уларга шу пайтгача маълум бўлмаган хунук лақаблар қўйилди. Уларни обрўсизлантириш ва одамлар тасаввурида воқеъликларини бузиб кўрсатиш учун ғаразгўй кимсалар қомусларда уларни “ақидапарастлар”, “экстремистлар”… каби сифатлар билан сифатладилар.

Уламолар, толиби илмлар, қозилар, муҳтасиблар ва даъватчиларга қаратилаётган ушбу ғазабнок ҳужумлар душманнинг режа ва мақсадларини амалга оширишдан бошқа нарса эмас.

Бас, кўзингизни очинг! Ҳушёр бўлинг!

МУАММОНИ ҲАЛ ЭТИШНИНГ ТЎҒРИ ЙЎЛИ

Уламоларга тил теккизиш оқибатларини баён қилгандан сўнг, энди бу муаммони ҳал қилишнинг тўғри ва соғлом йўли ҳақидаги фикрларга ўтамиз. Бу борада учта нарсага эътибор берилиши керак:

1 – Бу хусусда уламолар қилишлари лозим бўлган ишлар;

2 – Уламоларга нисбатан бизнинг зиммамиздаги вазифалар;

3 – Уламоларни обрўсизлантирмаган ҳолда ҳақиқатни баён қилиш йўллари.

Биринчи: Уламолар зиммасидаги вазифалар

Уламолар ўзларини эҳтиёт қилиб, обрўларига путур етказадиган нарсалардан узоқ турсинлар. Бу борада Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ўрнак олсинлар. Зеро, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам (тун қоронғусида у зотнинг ёнларида аёл кишини кўриб, ўзларини четга олаётган икки саҳобага): “Тўхтанглар, бу – Софийя!” – деб, ўзларини ва обрўларини ҳимоя қилган, қалблари ғаламисликдан пок бўлган саҳобалар бу сўздан ҳайратланиб: “Ё Расулуллоҳ, наҳотки, сиз ҳақингизда ёмон хаёлга борсак” деганларида, шайтон одамзотнинг қон томирларида юришини эслатган эдилар.

Уламоларнинг ўзларини ҳимоя қилиш кўринишларини қуйидагича кўрсатиб ўтишимиз мумкин:

1 – Илм ва амалда ўрнак бўлиш

Чунки, Қуръони Карим илм ва амал ўртасидаги ихтилофдан огоҳлантирди:

“Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?” (Бақара: 44);

“Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтасизлар?!” (Саф: 2).

Дўзахда худди тегирмон атрофида айланаётган эшакдек ичаклари атрофида айланаётган одам ҳақидаги ҳадис маълум ва машҳурдир.

Шоир айтади:

Бошқаларга ҳар нарсани ўргатган “олим”

Ўзингга ҳам бирозгина берсанг-чи таълим?

Бир ишни қилсанг-у, “Қилма!” деб айтсанг

Зиммангга катта айб ортибсан, билсанг!

2 – Фатвони мукаммал ўйлаб, шартларига кўра бериш

Олим фатво сўралганида чуқур ўйланиши, шошилмаслиги, фатво сўралиш сабабларини ва фатвоси ортидан келадиган натижаларни мулоҳаза қилиши, фатводан ирода қилинган нарса нима эканини ўзи яхши тушунган бўлиши, фиқҳнинг усул, фуруъ, воқеъ каби фатво шартларини ўзида мукаммал қилганидан кейингина фатво бериши лозим.

Олим киши бировнинг “Шундай, шундай иш” деган гапи билангина кифояланиб, масалани чуқурроқ ўрганмасдан, ўша эшитган гапи бўйича фатво бериб юбормасинки, охир-оқибат шошқалоқлиги сабабли одамларнинг маломатига қолиши мумкин.

3 – Алдаш, чалғитиш ва шубҳалантиришдан ҳушёр бўлиш

Баъзи одамлар ҳақиқатни яшириш учун уламоларни аврашга, чалғитишга ёки уларга баъзи нарсаларни билдирмасликка ҳаракат қиладилар. Шунинг учун олим киши ҳушёр ва огоҳ бўлиши лозим. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Мен фирибгар эмасман, фирибгар мени алдай ҳам олмайди!” – деган эдилар. Бу софдилликка ва зоҳирга қараб иш қилишга зид, дегани эмас. Фақат, ҳушёрликни назарда тутилаяпти, холос.

4 – Ҳақиқатни айтишдан қайтмаслик ва Аллоҳ йўлида маломатлардан қўрқмаслик

Ҳақиқатни айтишга жасоратли бўлиш – олим киши сифатланиши зарур бўлган сифатлардандир. У яхшиликка буюриб, ёмонликлардан қайтарсин, ёмонлик қилган одамга ким бўлишидан қатъий назар: “Сен ёмон иш қилдинг!” – деб айта олсин. Ҳозирги кунда яшаётган олимлар учун шонли тарихимизда яшаб ўтган уламоларимиз чиройли ўрнакдирлар. Биз улардан баъзиларини мисол тариқасида келтирмоқчимиз:

Биринчи мисол: Халифа Марвон ибн Ҳакам роҳимаҳуллоҳга нисбатан Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳунинг муносабати.

Марвон ибн Ҳакам ҳайит куни намозгоҳга келиб, намоз ўқишдан аввал (хутба ўқиш учун) минбар томон юра бошлади. Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу унинг кийимидан тортиб, норози оҳангда: “Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, сизлар (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва саҳобалар қилган ишни) ўзгартирдингиз!” - деди. Марвон ибн Ҳакам: “У даврдаги кўп нарсаларга амал қилинмай қолди” – деди.

Саҳоба Абу Саид Худрий розияллоҳу анҳу халифани қилмоқчи бўлган ишидан ошкора ман қилди. “Унинг хатосини бир вараққа ёзиб топширай, насиҳатим ўртамизда сир бўлиб қолсин”, демади.

Иккинчи мисол: Уламолар султони Изз ибн Абдуссалом роҳимаҳуллоҳнинг подшоҳ Солиҳ Айюбга муносабати.

Шоҳ Солиҳ Айюб Шом музофотининг ҳукмдори эди. Ўзи билан амакиваччалари ўртасидаги низо сабабли насороларга (христианларга) айрим қалъаларни бериб юборди. Изз ибн Абдуссалом роҳимаҳуллоҳ жума куни Дамашқ масжидларининг бирида хутба ўқиди. Унда жумладан: “Аллоҳим, бу Умматнинг ишини Ўзинг тўғрилик тарафига бургин. Сенга итоат қилганлар азиз, осий бўлганлар хор бўладиган, яхшиликларга буюрилиб, ёмонликдан қайтариладиган ҳолатни вужудга келтиргин!” – деган сўзларни айтди ва насороларга Дамашқда қурол-аслаҳа сотишни таъқиқлаган фатво чиқарди.

Подшо ғазабланиб, Изз ибн Абдуссаломни зиндонбанд қилди. Ундан аввал имом Аҳмад ва талайгина уламолар ҳам ҳибсга олинган эдилар:

“Одамлар: “Иймон келтирдик”, дейишлари билангина, имтиҳон қилинмаган ҳолларида, қўйиб қўйилишларини ўйладиларми?!” (Анкабут: 2).

Подшо зиндонга, Изз ибн Абдуссалом ёнига аъёнларидан бирини юборди. У: “Мен сиз билан подшо ўртасида воситачилик қилай. Бунинг учун сиздан бир нарсани сўрайман: подшодан кечирим сўраб, унинг бошини ўпсангиз” – деди (Бошни ўпиш арабларда ҳурмат рамзидир). Изз ибн Абдуссалом: “Мени тинч қўйинг. Аллоҳ номига онт ичиб айтаманки, подшонинг (пешонасини ўпиш у ёқда турсин), қўлларимни ўпишига ҳам рози эмасман. Аллоҳ Мени сизларни мубтало қилган мусибатдан сақласин! Мен бир водийда бўлсам, сизлар бутунлай бошқа водийдасизлар!” – деди.

Подшо насоролар билан учрашувга Изз ибн Абдуссаломни ҳам бирга олиб борди-да, чодирларнинг бирига банди қилиб қўйди. Подшо насоролар билан ўтирар экан, чодирдан Изз ибн Абдуссаломнинг Қуръон тиловати эшитила бошлади. Подшо: “Бу кимнинг товуши эканини биласизларми?” – деб савол берди.

Улар: “Йўқ” – дедилар.

- У бизнинг катта попларимиздан (уламоларимиздан демади) бири! Уни нега банди қилганимни биласизларми?.

- Йўқ.

- У сизларга қурол-аслаҳа сотмаслик ҳақида фатво чиқарди.

- Тангри номига онт ичиб айтамизки, агар роҳибларимиздан бири шундай фатво берса эди, биз унинг оёқларини ювар ва ювиндисини шўрва қилиб, ичар эдик!

Подшо қилган ишидан пушаймон бўлиб, Изз ибн Абдуссаломни озод қилиш фармонини берди.

Учинчи мисол: Азҳар Шайхи шайх Хазир Ҳусайннинг Муҳаммад Нажибга нисбатан муносабати.

Мисрда мустақиллик инқилоби бўлганидан сўнг (давлат арбоби) Муҳаммад Нажиб: “Миср қонунчилигида эркак билан аёлни тенг ҳуқуқли қиламиз!” деди. Шундан сўнг Хазир Ҳусайн Муҳаммад Нажибга қўнғироқ қилиб: “Ё сўзингизни қайтариб оласиз ёки эртага Азҳарнинг барча шайхлари билан кафан кийиб кўчаларга тўкиламиз! Ё ҳаёт, ё мамот!” – деди.

Муҳаммад Нажиб ҳам, вазирликдагилар ҳам шайх Хазир Ҳусайн олдига кетма-кет келиб: “Сиздан узр сўраймиз, айтилган гап хато эди” – дедилар. У эса: “Узрингизни менга айтманг, халқдан узр сўранг!” – дер эди.

- Халқ олдига чиқиб узр сўраш жуда ҳам оғир.

- Ҳой Муҳаммад Нажиб, ё одамлар олдида айтган сўзларинг сабабли узр сўраб, ундан воз кечасан ёки эртага кафанларимни кийиб, кўчаларни тўлдираман!

Муҳаммад Нажиб эртаси куни матбуот ўзига ёлғон гапларни нисбатлаганини, ўзининг эса бу мавзуда гапирмаганини эълон қилди.

Ҳа, илм ва иймон олимни ҳақ узра журъатли бўлишга ундайди. Бас, олим Аллоҳ йўлида ҳеч қандай маломатдан қўрқмасин. Ўз масъулиятини адо этсин. Ўз обрўсини одамларнинг ўқларига нишон қилиб қўймасин.

Зеро, фитнага тушиб қолишдан қўрқиш баҳонаси билан ҳақни очиқ айтмай журъатсизликка йўл қўйиш тўғри эмас.

Иккинчи: уламоларимизга нисбатан зиммамиздаги масъулиятлар

1 – Уламоларнинг Уммат йўлбошчилигидаги мавқеъ ва таъсирларини сақлаб қолиш

Салафи солиҳларимизнинг ўз уламоларига қилган муомалаларида бизлар учун ўрнак ва намуналар бор. Зеро, улар толиби илм одоблари ҳақида ёзиб қолдиришган сатрлар ёғдуси айрим беандиша талабаларнинг йўлларини ёритса, фойдадан ҳоли бўлмас эди.

Ироқий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Муҳаддис – ўзидан кўра билимдонроқ бўлган муҳаддис олдида сукут қилсин. Чунки, Иброҳим ва Шаъбий бир ерда бўлсалар, Иброҳим оғиз очмас эди” (Иброҳим ва Шаъбий роҳимаҳумаллоҳлар буюк муҳаддислардан ҳисобланади).

Имом Шофеийнинг ўғли айтади: “Отам мунозара қилганида ҳеч кимга товушини кўтармаган”.

Яҳё ибн Муин роҳимаҳуллоҳ айтади: “Бирон шаҳарда ҳадис ривоят қилишга ўзидан кўра лойиқроқ олим бўла туриб ҳадис айтган одам аҳмоқдир”.

Саълукий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Устозига масхаромуз: “Нега энди?” деган талабанинг юзи ёруғ бўлмайди”.

Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга нисбатан шу қадар одоб сақлаган эканки, илмий масалалардан бир масалани сўрайман деб, бир йил юриб, сўрай олмаган экан.

Товус ибн Кайсон роҳимаҳуллоҳ айтади: “Олимни ҳурмат қилиш – суннатдир”.

Зуҳрий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Салама Ибн Аббос билан тортишавергани сабабли кўп илмдан маҳрум бўлган”.

Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Муҳаддисларни Яҳё ибн Муин каби ҳурматлаган бошқа бирон кишини кўрмадим”.

Муғийра роҳимаҳуллоҳ айтади: “Иброҳимдан амирдан ҳайбатлангандек ҳайбатланар эдик”.

Ато ибн Рабоҳ роҳимаҳуллоҳ айтади: “Баъзилар менга ҳадис айтар эканлар, у ҳадисни биринчи марта эшитаётгандек тинглайман. Ҳолбуки, у ҳадисни у одам туғилишидан олдин эшитганман”.

Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ким билан мунозара қилган бўлсам, Аллоҳ таолодан унинг тилида ҳақиқатни сўзлатишини умид қилдим”.

Имом Аҳмад бетоб ётган ҳолида унинг ҳузурида уламолардан бири тилга олинди. Шунда у зудлик билан ўтириб олди-да: “Солиҳ кишилар тилга олинар экан, бизнинг ёнбошлаб олишимиз яхши эмас” - деди.

Жавзий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Тақводор одам ҳеч қачон жанжал кўтармайди”.

Шундай инсонлардангина намуна олса арзийди. Аллоҳ таоло айтади:

“Ана ўша (юқорида мазкур бўлган зотлар) Аллоҳ ҳидоят қилган кишилардир. Бас, ўшаларнинг йўлларигагина эргашинг!” (Анъом: 90).

2 – Аллоҳ сақлаган фаришта ва пайғамбарларгина гуноҳ ва хатолардан маъсум эканини билиш

Бинобарин, ҳар бир олим хато қилиши мумкин эканини назардан четлатмай, ижтиҳод қилганида хатога йўл қўйса кечиришимиз ва уламоларнинг хатоларини излаб, санаб юрмаслигимиз керак.

Салафи солиҳ бу нарсани жуда яхши билар ва бунга қатъий риоя қилар эди.

Имом Суфён Саврий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Ҳеч бир киши хато қилишдан маъсум эмас”.

Имом Аҳмад роҳимаҳуллоҳ айтади: “Хато ва ғалатдан ким ҳам қутула олади?!”

Термизий роҳимаҳуллоҳ айтади: “Зеҳнлари кучли бўлишига қарамай катта-катта имомлар ҳам хатога йўл қўйганлар”.

Ибн Ҳиббон роҳимаҳуллоҳ айтади: “Адолатли экани маълум бўлган бир шайхнинг ҳадисини унинг ривоятидаги ноаниқликлар сабабли олмаслик инсофдан эмас. Агар шу мантиқ билан иш кўрсак Зуҳрий, ибн Журайж, Саврий ва Шуъба роҳимаҳумуллоҳларнинг ривоят қилган ҳадисларини олмаслигимиз керак бўлади. Ҳолбуки улар, ривоятлари соғлом ҳамда ўта зеҳнли ва ишончли бўлсалар-да, хатолардан маъсум эмаслар”.

3 – Ихтилоф саҳобалар даврида ҳам бўлган ва Қиёмат кунигача давом этишини унутмаслик

Шунинг учун ҳам, уламолар ўртасидаги ихтилофларга бағримизни кенгроқ қилсак яхши бўлади. Зеро уларнинг ҳар бирининг ўз нуқтаи назари бор. Улар ўртасида келишмовчиликлар бўлиши табиий. Бу ҳақда уламоларнинг ўзлари айтган сўзларга, масалан, шайхулислом ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳнинг “Рафъул-малом анил-аимматил-аълом” (Машҳур уламолардан маломатни кетказиш) китобига қаранг.

4 – Сезмаган ҳолда Ислом душманларининг режаларини ижро этиш ўрнига, аксинча, уларга фурсат бермаслик, уларнинг ғоя ва мақсадларини ўрганиб, уламоларимизни мудофаа қилиш

5 – Уламоларимизнинг сўзлари ва фикрларини тўғри маънода тушуниш, сўзларини олмасак-да, уларга ёмон гумонда бўлмаслик

Дарҳақиқат, уламоларнинг ҳар бир сўзини олишга мажбур эмасмиз. Бироқ бир олимнинг сўзини (унинг зиддига далил бўлса) олмаслик билан уни айблаш ўртасида катта фарқ бор. Яъни, бир олимнинг сўзларига қаноат ҳосил қилмаслигимиз – унга тил теккизиб, обрўсини тўкишни тақозо этмайди.

Имом Шофеий роҳимаҳуллоҳ: “Агар ҳадис саҳиҳ бўлса, ўша менинг мазҳабимдир”, дер эди. Бу сўз бошқа талайгина уламолардан ҳам ривоят қилинган. Чунки улар бир олимнинг сўзи билангина Аллоҳ таолога ибодат қилинмаслигини, баъзида унинг сўзлари далилга хилоф келиши, яъни унга бу далил етиб келмаган бўлиши мумкинлигини  идрок этишар, шундай бўлса-да, ўша олимнинг обрўси ва шарафи ҳимояланган ҳолатида қолар эди.

Умар розияллоҳу анҳу айтади: “Мусулмон биродарингизнинг оғзидан чиққан сўзга ёмон гумонда бўлманг. Уни яхшиликка йўйинг!”.

6 – Бошқаларнинг, хусусан уламоларнинг айбу-нуқсонлари  ўрнига ўз айбу-нуқсонларимиз билан шуғулланиш

Ўзинг қилган ишни бошқада кўрсанг,

Айблаб, эй воиз, бўлма гуноҳкор.

Ширкдан сўнг биз билган энг катта гуноҳ

Ўзининг хатосин билмаслик зинҳор!

У гуноҳни таниди, бошқаларда излагач,

Нима қилсин бечора, ўзида ҳеч кўрмагач!

Уламолардаги айбу-нуқсонларни излаб, ўзидагиларни унутган одамнинг мисоли шоирнинг қуйидаги сўзларига ўхшайди:

Қояни парчалаш учун сузди-ю,

Шохини синдирди тоғнинг такаси…

Ёхуд ушбу шоирнинг сўзларига ўхшайди:

Осмонўпар тоғларни сузган, эй қўчқор,

Бошингга ҳушёр бўл, тоққамас зинҳор!

Гоҳида олим хатога йўл қўйиши мумкин. Бу – унинг билими ва қилган ишларини тарк этишни тақозо қилмайди.

Илмимга амал қилсам, амалда қилсам хато,

Мендаги хато сенга зарарсиздир мутлақо!

Учинчи: Уламоларга хатоларини баён қилиш учун обрўларини тўкмайдиган

тўғри йўлни танлаш

Ҳозирда кўпчилик меъёр нималигини билмай қолган. Баъзилар уламоларни айблаб, обрўларини тўкаётган бўлса, бошқа баъзилар ҳақиқатни шаръий далиллар билан тушунтираётган олим ёки толиби илмларни уламоларни обрўсизлантириш ва фитналарга сабаб бўлишда айбламоқда.

Ҳар иккала тоифа ҳам бу хусусда тўғриликдан узоқдадир.

Шундай экан, шаръий далилга асосланган сўзларнигина айтган ҳолда, ҳам уламолар обрўсини тўкмасликни, ҳам ҳақиқатни баён қилишни ўзида жамлайдиган тўғри йўл қандай бўлиши мумкин?!

Бу йўлни қуйидагича изоҳлаш мумкин:

1 – Уламолар ҳақида айтилаётган сўзларнинг тўғрилигига ишонч ҳосил қилиш

Уламолар ҳақида турли ғаразли мақсадлар йўлида ҳар хил миш-мишлар тарқатилади. Аввало, шу миш-мишларнинг тўғрими, нотўғри эканига ишонч ҳосил қилиш керак. Чунки, баъзан бундай гап-сўзлар асоссиз ва нотўғри бўлиб чиқади.

Катта уламоларимизга нисбатланган қанча сўзлар борки, бу ҳақда уларнинг ўзларидан сўраганимизда, улар бундай гапларни умуман айтмаганликлари маълум бўлган. Ҳозирда шундайлар кўпайиб кетганки, борган ҳар ерларида: “Фалон олим ҳақида фалон-фалон гаплар юрибди” дейди. “Нима учун?” деб сўрасангиз: “У фалон-фалон гапларни айтибди” деб жавоб беради. Сиз ўша олимнинг олдига бориб, шу ҳақда сўрасангиз: “Аллоҳга қасамки, мен у сўзларнинг биронтасини ҳам айтмаганман”, дейди.

Демак, олимга нисбатланаётган сўзларни текшириб кўриш, биз мақсад қилаётган тўғри йўл устидаги биринчи қадам саналади.

2 – Бир олимнинг сўзларини олмаслик, у билан мунозара қилиш ва унга ҳақиқатни баён қилиш уламоларни қоралашдан тубдан фарқ қилишини билиш

Бу икки нарса ўртасидаги фарқ жуда ҳам каттадир. Биз бирон бир фатвони далилларга мутаносиб келмагани учун олмаслигимиз жоиз бўлар, бироқ уламоларни қоралашимиз асло жоиз бўлмайди.

3 – Гапираётган одам Аллоҳ розилигини талаб қилиши

Гапираётган одам холислик билан гапирсин, нафс-ҳаво, интиқом олиш, ўзини кўрсатиш каби вақтинчалик шахсий ғаразларидан четлансин:

“Бас, ким Роббисига рўбарў бўлишидан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин ва Роббисига бандалик қилишда бирон кимсани (унга) шерик қилмасин! (Яъни, қиладиган барча амалларини ёлғиз Аллоҳ учун қилсин) (Каҳф: 110).

Шуни ҳам унутмаслик керакки, рад қилиш аслида холис ва Аллоҳ розилиги учун бўлган-у, бироқ кейинроқ шайтон унга ўзини кўрсатиш ва бошқа ниятни бузадиган офатларни ҳам васваса қилган бўлиши мумкин.

4 – Инсоф ва адолат

Айрим толиби илмлар ҳолига назар ташлаган одам, улар олим айтаётган сўзларни бирваракайига ҳаммасини қабул қилаётганини ёки аксинча, унинг ҳеч бир сўзини умуман қабул қилмаётганини кўради. Бу – Аллоҳ таоло буюрган адолат ва инсофга зиддир. Аллоҳ таоло айтади:

“Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин! Адо­лат қилингиз! Шу тақвога яқинроқдир. Аллоҳдан қўрқингиз!” (Моида: 8).

Адолатли ва инсофли бўлиш – аҳли суннат ва жамоат манҳажидир. Шайхулислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ: “Аҳли суннат бидъатчига, бидъатчиларнинг бир-бирларига қилган адолатидан ҳам адолатлироқдир!” – деганлар.

Олимлар ҳақида инсофли ва адолатли бўлишга қуйидагилар киради:

а) Олимга у муносиб бўлган даражада мақтов айтиш;

б) У йўл қўйган хатони тушунтиришда ҳаддан ошмаслик.

Уламолардан бири хато қилган бўлса ва сиз уни тушунтирмоқчи бўлсангиз, у қилган барча хатоларни санашга киришиб, обрўсини тўкишга шошилманг. Билъакс, ўзингиз баён қилмоқчи бўлган хатоси ҳақидагина айтинг, ундан нарига ўтманг! Бошқаларнинг ҳаддингиздан ошишга ундашларига қулоқ солманг!

5 – Кишиларга баҳо беришда муҳаддислар йўлидан юриш

Баъзи олимлар тарафидан йўл қўйилган хатоларни тушунтирмоқчи бўлган одам, муҳаддислар (Аллоҳ улардан рози бўлсин) чизиб берган инсофли манҳаж-йўлдан юриши лозим. Бу мавзуда ҳажми кичик бўлишига қарамай, бебаҳо бўлган бир рисола борки, у бу манҳажни тўлақонли акс эттирган. У шайх Аҳмад Сувайён қаламига мансуб: “Кишиларга ва уларнинг асарларига баҳо беришда аҳли суннат ва жамоат манҳажи” рисоласидир. Ўқувчиларга мазкур китобни ўқишни тавсия қиламан.

6 – Билмоқ керакки, олимнинг хатоси икки турли: фуруъ (шахобча) ва усул (ақида)да бўлади

а) Фаръий масалалар – ижтиҳодий масалалардан ҳисобланиб, унда ихтилофлар бўлиши табиий. Агар шундай масалада олимнинг хатоси бўлса, унинг обрўсига путур етмайдиган қилиб тузатиш мумкин.

б) Усул (ақида) масалаларида бўлса, бу ҳақда энг тўғри бўлган сўзни баён қилинади. Меъёрдан оширмаган ва камайтирмаган ҳолда, умумий равишда бидъатчилардан огоҳлантирилади. Бидъатига чорлаётган кимсанинг хатарлари ҳақида эслатилади.

Шайхулислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳ: “Аҳли суннат бидъатчига бидъатчиларнинг бир-бирларига қилган адолатидан ҳам адолатлироқдирлар!” - деганлар. Яъни, бидъатчилар бир-бирларининг гўштини ейишади. Ҳар бир тоифа бошқаларининг ҳаққига тажовуз қилади. Аҳли суннат ва жамоат эса куфрга етиб бормаган хатоларга йўл қўйган одамлар у ёқда турсин, кофирларга ҳам инсоф билан қарайдилар.

Ҳозирги кунда одамлар бу масалада аҳли суннат ва жамоат йўлидан четланиб кетдилар. Яқинда бир гап эшитдим. Баъзи одамлар уламолардан бирининг ақида бобида йўл қўйган хатосини баён қилиш билан чекланмай, унинг оиласига –  аёли, қизлари ва ўғиллари шаънига ҳам тил теккизганлар! Субҳаналлоҳ! Унинг хотини-ю, ўғил-қизларининг бу ишга нима алоқаси бор?! Унинг обрў-номусига чанг солишнинг нима ҳожати бор?! Унутмайликки, биз хато содир бўлганида сукут қилишга тарғиб қилмаяпмиз. Фақатгина, ҳақиқатни очиш ва тушунтириш учун тўғри йўлни танлашга чақирмоқдамиз.

7 – Хоҳ усул (эътиқод) ва хоҳ фуруъ масалаларида хато содир этган олим билан боғланиш имкони бўлса, шу энг тўғри йўл бўлса керак. Шояд хатоларидан воз кечиб, ҳақиқатга қайтар

Чунки мақсад – ҳақиқатга қайтишдир. Хато қилган одамнинг ўз хатосидан қайтишининг ва қилган хатосини ошкор эълон қилишининг одамлар учун катта манфаати бор. Чунки, унга хатоларини тушунтириб, ҳақиқатни баён қилсангиз, одамларнинг ярми қаноат ҳосил қилади. Агар насиҳат қилганингиздан ва Аллоҳдан қўрқишни ёдига солганингиздан сўнг, унинг ўзи ҳақиқатга қайтса, унга ишонган одамларнинг ҳаммаси қаноат ҳосил қилади.

Шу ерда бир воқеани эслатмоқчиман: уламолардан иккитаси бир масала ҳақида ихтилоф қилиб қолган эса-да, ҳар иккиси ҳам одамлар ўртасида қарши тарафни хатога нисбатлашга ҳаракат қилмади. Балки икковлон бир ерга келиб, мунозара қилдилар. Мунозара ниҳоясида ҳар иккиси ҳам бир-бирларининг сўзларини қабул қилдилар. Чунки уларнинг мақсадлари ҳақиқатга эришиш эди.

ХОТИМА

Хулоса сифатида қуйидагиларни айтишимиз мумкин:

Биринчи: Биз шахсларни муқаддаслаштиришга, хатолардан кўз юмишга ёки ҳақиқатни айтишдан сукут қилишга чақирмаймиз. Балки уламолар обрўсига путур етказмай, меъёрдан оширмай ёки камайтирмай, ғулувга берилмай ҳақни баён қилишнинг соғлом йўлига чақирамиз.

Иккинчи: Кейинги пайтларда ижмоъ давоси кўпайди. Менга “Фалончи уламоларнинг ижмоъсига қарши чиқиб, фитна бошлаяпти!” – деган хатлар кўплаб келмоқда. Мен уларга шундай жавоб бермоқчиман: Аввало, ижмоъ оддий иш эмас. Шунинг учун биз ижмоъ билан ижтимоъ (тўпланиш) ўртасини ажратиб олишимиз керак.

Ижмоъ – уламолар таърифлаганидек, қайсидир бир асрда бирон масала юзасидан уммат ишонган уламоларнинг берган қароридир. Агар бу уламолардан биронтасининг фикри хилоф бўлса, у ижмоъ – қарор ҳисобланмайди.

Ижмоъ – бир ўлканинг эмас, балки бутун ислом умматининг ишончли уламолари тарафидан олинган қарордир.

Демак, ижмоъ оддий иш эмас, балки унниг асослари ва шартлари бордир. Шунинг учун ҳам, баъзи олимлар: “Саҳобалардан сўнг ижмоъ чиқмади” – деб айтганлар.

Бас, ижмоъни даъво қилаётган одамлар шошилмасинлар! Қандайдир сўзни айтаётган одамларнинг кўплигига эмас, соғлом далил билан айтилишига эътибор берсинлар!

Учинчи: Баъзи уламолар сабаблари қоим бўлган фатволарни берадилар. Бошқа олимлар ва толиби илмлар эса уларга қарши чиқиб, уларни мухолифлик, фитналарни қўзғаш, ўзини кўрсатиш, билимларни ўғирлаш, илмсизлик ва бошқа сифатлар билан айблайдилар.

Бу тўғри эмас. Биз бу мавзуда, қуйидаги сабабларга кўра, ҳушёр бўлишимиз керак:

а) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган ваҳий ва У Зотнинг сўзларидан бошқа барчанинг сўзини олинади ҳам, рад қилинади ҳам.

б) Бир-бирига мухолиф бўлганлар – уламолардир. Шундай экан, мухолифларни қадрлаш ва уларнинг обрўларини тўкмаслик, уларни айбламаслик керак.

в) Одамлар ҳақиқат билан танилади, ҳақиқат одамлар билан эмас.

г) Ким тарафидан бўлмасин, чиқарилган фатвонинг тўғрилиги ва шартларининг тўлалигини текшириш лозим. Мухолиф тарафнинг фикрларидан қатъий назар, фатвонинг соғломлиги ва шартларининг тўлалиги муҳимдир.

д) Ижтиҳодий масалаларда ихтилофлар бўлиши табиий. Ҳатто саҳобалар ўртасида ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг: Ҳар бирингиз аср намозини Қурайза қабиласи (ерлари)да ўқингиз! (Имом Бухорий роҳимаҳуллоҳ ривояти) – деб айтган сўзларини фарқлича тушунганлар бўлди.

Улар ўртасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг вафотларидан кейин ҳам баъзи келишмовчиликлар рўй берди. Бироқ бу келишмовчиликлар, уларни фитна қўзғаш ва бировларни қоралашга олиб бормади. Шунинг учун ҳам, ижтиҳодий масалалардаги ихтилофлар учун юрагимизни кенгроқ қилсак мақсадга мувофиқ бўлади.

е) Мухолифлик хато ҳисобланмайди. Ибрат ёшнинг катта ёки кичиклигида эмас, балки фатво шартларининг тўлалигидадир. Зотан, уламоларнинг кичиклари катталарининг айрим фатволарига қарши чиқиш ҳоллари тарихда ҳам бўлган, ҳозирда ҳам бор. Чунки, гоҳида ҳақиқат кичикларда ҳам бўлиши мумкин.

Буннинг яққол мисоли шайхулислом Ибн Таймийя роҳимаҳуллоҳдир. У ҳақиқат унинг тарафида бўлгани боис ўз давридаги ватандош уламоларига мухолиф бўлган.

Яна шундай бир мисол, шайх Абдулазиз ибн Боз роҳимаҳуллоҳ шайх Муҳаммад ибн Иброҳим роҳимаҳуллоҳнинг берган фатвосига у киши ҳали тирик пайтида қарши чиққан эди. Шундай бўлишига қарамай шайх Муҳаммад ибн Иброҳим роҳимаҳуллоҳ: “Сен ким бўлибсанки, менга қарши чиқаяпсан?!” – демади. Бу – шайх Муҳаммад ибн Иброҳим роҳимаҳуллоҳ билимининг чуқурлигига далилдир. Зеро, шайх Абдулазиз ибн Боз роҳимаҳуллоҳнинг далиллари кучлироқ эди.

Тўртинчи: Нега уламоларнинг хатолари бошқаларникидан кўра кўпроқ тилга олинади?!

Сабаби, уламолар бу умматнинг сараси, пешвоси ва мақтовга сазоворидир. Улардан содир бўлган битта-яримта хато тезда кўриниб, билиниб қолади. Чунки бу хато сутдек оппоқ варақдаги қора нуқтага ўхшайди. Шунинг учун ҳам: Олимнинг хатоси оламга ноғора деб  бежиз айтмаганлар.

Олимнинг мисоли оппоқ кийимга ўхшайди. Унга бирон бир доғ тегса, қанчалар кичик бўлса ҳам, кўриниб тураверади.

Инчунун, уламолар буни яхши билишлари, ўзларини доимо назорат қилишлари, ҳаракатлари ва сўзларига диққат этишлари керак. Одамлар ҳам уламолар ҳақида айтилган гапларни бўрттирмасликлари шарт.

Бешинчи: Мақтовсимон мазаммат қилишдан қочингиз!

Айрим одамлар уламолардан бирига мақтовлар ёғдирар экан, унинг фазилатларини икир-чикиригача санагач, сўнг: “Ҳар ҳолда, шайх яхши одамлардан!” ёки “Нима бўлганда ҳам, ўзи юраги соф одам!” каби камчиликларни ифодалаган оҳангда гапириб қўяди ва бу сўзи билан унинг ғофил эканини қасд қилади. Бундай услубларни қўллаган одамларга шу сўзларни айтамиз: “Аллоҳдан қўрқиб, Ундан тақво қилингиз! Айтаётган гапларингизнинг нақадар хатарли эканини билиб, Аллоҳга тавба қилиб, истиғфорлар айтинг! Камситган одамингиздан кечирим сўранг!”.

Олтинчи: Олимларга нисбатан одобсизлик қилган одам ўз жазосини бу дунёда ёки охиратда, албатта, кўради. Имом Заҳабий роҳимаҳуллоҳ ибн Ҳазм роҳимаҳуллоҳнинг таржимаи ҳолида ўшандай одамлардан бири ҳақида мана бу сатрларни ёзган: У кўп китоблар ёзди. Мунозара қилар экан, тили ва қўлига эрк берди. Уламоларга нисбатан одобсизлик қилиб, уларга қўпол сўзларни ишлатди, таҳқирлади, сўкди. Қилмиш қидирмиш деганларидек, жазоси ҳам ўз қилмишининг жинсидан бўлди. Унинг асарларидан баъзи уламолар юз ўгирдилар, ундан воз кечдилар, нафратландилар. Унинг китоблари тириклик пайтидаёқ ёқиб юборилди.

Уламоларни ҳақоратлаган ва уларга нисбатан журъатли бўлган одамнинг одамлар эътиборидан четда қолганига воқеълик гувоҳ бўлмоқда.

Ҳофиз Ибн Ражаб роҳимаҳуллоҳ айтади: … Воқеъ бунга шоҳиддир. Одамлар ҳақидаги маълумотларни ва олам тарихини чуқур ўрганган кишилар, ўз биродарига макр қилган кишининг макри ўзига қайтгани, макр қилинган кишининг эса қутулиб, шу макр сабабли нажот топганини жуда яхши билади.

Еттинчи: Одамларнинг қоралашлари ва ёмон сўзлари билан юзма-юз қолган олим ва толиби илмлар сабр қилиб, Аллоҳдан тақво қилсинлар. Ва унутмасинларки, улар пайғамбарлар ва расуллардан афзал эмаслар. Ҳолбуки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам қораландилар, ҳатто рафиқаларини машҳур “Туҳмат” воқеъасида (зино қилишда) айбланди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уламолар учун намунадир. Бас, у зотдан ўрнак олсинлар ва унутмасинларки, оқибат тақводорларникидир! Аллоҳ таоло айтди:

“Улар: “Сен Юсуфмисан?” деб сўрадилар. “Ҳа, мен Юсуфман, бу эса биродаримдир. Аллоҳ бизга марҳамат кўрсатди (яъни шунча йиллик айрилиқ азобидан кейин бизни яна бирлаштирди). Дарҳақиқат, кимда-ким Аллоҳдан қўрқиб, сабру қаноат қилса, албатта Аллоҳ бундай чиройли амалларни қилувчи кишиларнинг ажру мукофотини зое қилмас, деди у (Юсуф: 90);

(Фиръавннинг сўзларидан даҳшатга тушиб кетганларида) Мусо қавмига деди: “Аллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилингиз! Бу Ер шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берар. Оқибат-натижа эса тақводорларники (Аллоҳдан қўрққанларники) бўлар (Аъроф: 128);

“Ёмон макр-ҳийла эса фақат ўз эгаларини ўраб ҳалок қилур” (Фотир: 43).

Шоир деди:

Таънагўйнинг сўзидан қутулмоғинг кўп душвор,

Гарчи бўлса масканинг тоғ устида пинҳон ғор.

Одамларнинг тилидан ким ҳам қолур саломат?!

Йиртқичга ем бўлсанг ҳам, ортдан қолмас маломат.

Саккизинчи: Масалани умумлаштиришдан сақланинг!

Талайгина одамлар ҳукмларни умумлаштиришга ҳаракат қилмоқдалар ва бу ўта хатарлидир. Бундай қилиш онг савиясининг пастлиги ва инсофсизликка далолат қилади. Масалан, шундай одамлардан бирининг: “Уламолар ундай қилди, уламолар бундай деди, уламолар калтафаҳмлик қилди, уламолар хатога йўл қўйди”, – деб умумийликни ифодалайдиган иборалар истеъмол қилаётганининг шоҳиди бўласиз. Тўғриси эса, яхши ишларда умумий лафзларни, ёмон ишларда эса шу ишни қилганларни ифодалайдиган сўзларни истеъмол қилишдир. Аллоҳнинг раҳмати, масалан, ёмғир ҳамма учун умумийдир, жазо эса жазога лойиқ бўлган кишининг ўзига хосдир: “Уларнинг ҳар бирини қилган осийликларига биноан жазоладик.

Яхшилар билан бирга бўлганларга ҳам раҳматнинг ёғилиши Аллоҳнинг марҳаматидандир: Улар – ўзлари билан бирга ўтирган кишилар бахтиқаро бўлмайдиган одамлардир!

Аллоҳ таоло Бадр жангида иштирок этган саҳобаларга: Кечирилган ҳолатингизда кетинглар! - деди (Муттафақун алайҳ). Жазога келсак:

“Ҳеч бир кўтаргувчи (яъни гуноҳкор жон) ўзга жоннинг юкини (яъни гуноҳини) кўтармас” (Анъом: 164).

Тўққизинчи: Уламолар ҳақида сўз юритаётганларга шундай демоқчиман: “Аллоҳдан қўрқиб, Унга тавба қилинг! Аллоҳга қайтинг! Уламоларни ғийбат қилганингиз миқдорича мақтанг! Йўқса, зарар кўрган СИЗ бўласиз! Оқибат тақводорларникидир. Сизнинг мисолингиз қуйидаги байтларда тилга олинган кишиникидан фарқли эмасдир:

Қояни парчалаш учун сузди-ю,

Шохини синдирди тоғнинг такаси…

Ёхуд ушбу шоирнинг сўзларига ўхшайди:

Осмон ўпар тоғларни сузган, эй қўчқор,

Бошингга ҳушёр бўл, тоққамас зинҳор!

Ҳушёр бўлинг! Йўлингизни тузатинг! Оқибатларга назар ташланг! Аллоҳнинг ҳурматларини сақланг, Аллоҳ сизни ўз ҳимоясида сақлаб, гуноҳларингизни мағфират қилсин!”

Аллоҳ таолодан Ўзи берган илмини бизга манфаатли қилишини, сўз ва амал фитналаридан сақлашини сўраймиз. Аллоҳ энг яхши билувчи Зотдир.

Аллоҳ таоло пайғамбаримиз, Унинг оиласи ва бутун саҳобаларига салавоту саломлар йўлласин.