Имом Албоний Маркази Иордания ва бошқа мусулмон давлатларда содир бўлаётган воқеалар ҳақидаги баёноти
Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм
Барча ҳамдлар якка Аллоҳгагина хосдир! Ундан кейин бошқа набий бўлмайдиган зотга салоту саломлар бўлсин!
Аллоҳ уламолар билан аҳднома тузди ва уларга ҳақни изоҳлаш мажбуриятини юклади. Айниқса фитна ва инқироз даврида.
Аллоҳ субҳанаҳу айтади:
«Эсланг (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам), Аллоҳ Китоб берилган кимсалардан «Албатта у Китобни одамларга очиқ баён қилурсизлар ва яширмайсизлар!» — деб аҳд-паймон олган эди» (Оли Имрон: 187).
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Албатта Аллоҳ уч нарсага рози бўлади ва уч нарсага ғазаб қилади: Унинг Ўзигагина ибодат қилиб, ҳеч нарсани Унга ширк келтирмаслигингизга ва Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутишингизга ҳамда Аллоҳ ишингизга валий – бошлиқ қилиб қўйганларга насиҳатлашишингизга рози бўлади…» (Муслим, №4578).
Юқоридагиларга асосланиб, Албоний Маркази уламо-раҳбарлари Аллоҳ таолонинг Китоби, Расули соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Суннатини маҳкам ушлашлик фарз деб эътиқод қилади. Шунингдек, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам олиб келган тавҳид шаҳодатига ислом уммати салаф солиҳлари ва исломнинг мўътабар имомлари тушунчаси асосида жамланиш фарз деб эътиқод қилади. Чунки мана шу асосларнинг бузулиши фитна ва инқирозларга олиб келади. Бунга ислом уммати ўтмишда ва ҳозирда йўлиқиб келган.
Шунингдек улар шу нарсага эътиқод қиладиларки, омонлик (амн) иймоннинг ажралмас қисмидир. Тинчлик (силм ёки салам) эса, исломнинг ажралмас қисмидир. Бу Аллоҳ субҳанаҳунинг (мана бу) сўзларига мувофиқдир:
«Иймон келтирган, ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар — ана ўшалар хотиржам бўлгувчидирлар ва ўшалар ҳидоят топгувчидирлар» (Анъом: 82). Шунингдек Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг (мана бу) сўзларига мувофиқдир: «Мўмин – одамлар унинг дастидан ўз моли ва жонлари омон бўлган кишидир. Мусулмон – мусулмонлар унинг тили ва қўлидан омонда бўлган кишидир. Мужоҳид – Аллоҳга итоат қилиш йўлида ўз нафсига қарши жиҳод қилган кишидир» (Аҳмад (23958) ва бошқалар Ибн Убайд ва бошқалардан ривоят қилишди).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳар ой аввалида янги ҳилолни кўриб қўйидаги сўзларни айтар эдилар: «Эй Аллоҳ! Бу ойни бизга омонлик, иймон, саломатлик, ислом ва Ўзинг яхши кўрадиган, рози бўладиган (ишга) нарсага муяссар этиш билан келтиргин. (Эй ой!) Бизнинг ҳам, сенинг ҳам Парвардигоринг Аллоҳдир!» (Аҳмад (1397) ва бошқалар Талҳа ибн Убайдуллоҳ ва бошқалардан ривоят қилишди).
Шунингдек барчага маълумки, ҳокимиятсиз омонлик бўлиши мумкин эмас. Ҳокимият эса, Аллоҳга бўлган итоатдаги итоатсиз бўлмайди. Чунки Аллоҳ субҳанаҳу айтади:
«Эй мўминлар, Аллоҳга итоат қилингиз, ва пайғамбарга ҳамда ўзларингиздан бўлган (яъни мусулмон) ҳокимларга бўйинсунингиз!» (Нисо: 59).
Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Итоат фақат маъруф-яхши ишлардадир» (Бухорий (7145) ва бошқалар, Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудани ривоят қилишди).
Шунингдек ҳеч кимга сир эмаски, бутун инсоният тарихи мобайнида раҳбар, ҳукмдор ва ҳокимият эгалари зулми ва адолати даражаси билан бир-бирларидан фарқ қилиб келганлар. Аммо шунга қарамай Аллоҳ Ўзининг китобидаги аниқ оятларда уларга юмшоқ насиҳат қилишликка буюрди. У Мусо ва Ҳорунга деди:
«Сизлар Фиръавннинг олдига боринглар, чунки («Мен худоман», деб у) ҳаддидан ошди. Бас, унга юмшоқ сўз сўзланглар! Шояд панд-насиҳат олса ёки (Менинг қаҳримдан) қўрқса» (Тоҳа: 43-44).
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз умматларига ҳукмдорларига, улар қанчалик золим ёки адолатли бўлишларидан қатъий назар, сабр қилишни буюрдилар. У зот дедилар: «Мендан кейин шундай раҳбарлар бўладики, менинг йўлимдан юришмайди ва Суннатимга амал қилишмайди. Улар орасида шундай одамлар бўладики, уларнинг қалби одам суратидаги шайтон қалби каби бўлади». Ҳузайфа сўради: «Ё Расулуллоҳ, агар шу кунгача яшасам нима қилай?» У зот жавоб бердилар: «Ҳукмдорингга қулоқ сол ва итоат қил, ҳатто бўйнингга уриб, молингни тортиб олса ҳам. Қулоқ сол ва итоат қил!» (Муслим (4891) Ҳузайфа ибн Ямонийдан ривоят қилди).
Ажойиб саҳоба, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам хизматчилари бўлган Анас ибн Молик ал-Ансорийдан Аллоҳ рози бўлсин. У кишини Ҳажжож ибн Юсуф ас-Сақафий фитнаси четлаб ўтмади. Ҳажжож ҳатто уни ҳақорат ҳам қилди. Бухорий (7068) Зубайр ибн Адийядан ривоят қилишича, одамлар ундан маслаҳат сўрашди: «Биз Анас ибн Моликнинг ҳузурларига бориб, Ҳажжож золимдан етаётган азиятлар ҳақида шикоят қилдик. Шунда у зот: «Сабр қилинглар! Чунки бирор замон келса, унинг сўнггидан ундан-да ёмонроғи келади. Бу нарса то Роббиларингизга йўлиққунингизга қадар давом этади. Мен буни набийларингиз (Муҳаммад) соллалоҳу алайҳи васалламдан эшитганман», дедилар».
Шунингдек машҳур Аҳли сунна вал жамоа имоми Аҳмад ибн Ҳанбал аш-Шайбоний ал-Боғдодийдан Аллоҳ рози бўлсин. У зотнинг баданига золим ҳукмдорлар қамчилари теккан эди. Одамлар унга халифа Восиқнинг уларга нисбатан қилаётган муомаласи ҳақида шикоят қилишганида, у зот дедилар: «Аллоҳдан қўрқинглар ва солиҳ инсон (ўз ўлими орқали) сокинликка эришмагунича ёки одамлар гуноҳкор (ўлими)дан кейин ҳотиржамликка эришмагунларича сабр қилинг. Жамоатни лозим тутинг! Чунки Аллоҳ ўз умматини залолатда жамламайди». Шунга ўхшаш сўзлар ажойиб саҳоба Абу Масъуд ал-Бадрийдан ҳам ривоят қилинган.
Аҳли суннанинг жумҳури одамларни гижгижлаш ва ҳокимият соҳибига қарши бош кўтаришга чақиришни мумкин эмас деб ҳисоблаган. Ҳатто улар золим бўлса ҳам. Чунки бунинг ортидан катта зарарлар келади, фойда келтирмайди. Бу каби ҳаракатлар қон тўкилиши, омма халқнинг қўзғалиши, тинчлик ва хотиржамлик йўқолишига олиб келади.
Биз бугун ва ҳар доим мусулмон ҳукмдорларни, Аллоҳ уларни Ўзига итоат қилишига ёрдам берсин, (халқни) адолат билан таъминлаш, хавфсизликни барқарор қилиш, зулмга қарши курашиш, жамият ва бандаларга, Аллоҳ уларга нимани амр қилганини эслатишлик билан, уларга фойда келтиришга интилишларига чақирамиз. Улар айтишсинки:
«Албатта, Аллоҳ сизларни омонатларини ўз эгаларига топширишга ва одамлар орасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишга буюради. Албатта, Аллоҳ сизларга энг яхши панд-насиҳатлар қилур. Албатта, Аллоҳ эшитгувчи, кўргувчи бўлган зотдир» (Нисо: 58).
Яна биз уларга адолатлари учун тайёрланган Аллоҳнинг ажойиб савобларини эслатамиз. Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтганларидек: «Етти киши борки, Аллоҳ Ўзининг соясидан бошқа соя бўлмаган кунда уларни Ўз соясида соялантиради: Адолатли имом-раҳбар …» (Бухорий (6806) ва бошқалар Абу Ҳурайра ва бошқалардан ривоят қилишди).
Биз олийжаноб иордан халқимиз ўғлонларини, араб миллати ва Аллоҳнинг раҳматига сазовор бўлган, танланган ислом умматини итоатдан ташқарига чиқмасликлари, ягона жамоатдан узоқлашмасликлари, давлатлар ва бандаларнинг тинчликларига қатъий интилишларига чақирамиз. Яна уларни ҳар доим Аллоҳнинг тақводор бандаларига берган ваъдасини унутмасликларига чақирамиз. У (ушбу ваъдани) оламлар Роббиси билан гаплашган (Мусо) сўзи билан айтди:
«Аллоҳдан мадад тилаб, сабр-тоқат қилингиз! Бу ер шак-шубҳасиз Аллоҳникидир. Уни Ўзи хоҳлаган бандаларига мерос қилиб берур. Оқибат-натижа эса тақводорларники (Аллоҳдан қўрққанларники) бўлур» (Аъроф: 128).
Оламлар Роббиси Аллоҳга ҳамдлар бўлсин!
Уммон, Иордания
Сешанба, 2 Жумадул-аввал, 1432 ҳ.й. (5 апрел 2011 йил)
