Лойиҳа ҳақида

Оламлар Парвардигори бўлган Аллоҳга ҳамдлар бўлсин. Унинг пайғамбари Муҳаммадга, унинг оиласи ва саҳобаларига салавоту саломлар бўлсин.

Ушбу саҳифа, охирги вақтлар кўпгина жоҳил кимсалар тарафидан Исломга нисбат берилаётган, аслида эса Исломдан йироқ бўлган терроризм мавзусига бағишланган.

Аллоҳ таоло Ўзининг охирги китобида айтади:

«Сизларга қарши урушувчилар билан Аллоҳ йўлида жанг қилингиз ва тажовузкор бўлмангиз! Шубҳасиз, Аллоҳ тажовузкорларни севмайди» (Бақара: 190).

«Аллоҳ (ўлдиришни) ҳаром қилган жонларни ўлдирмангиз, магар ҳақ билан (яъни қасос олиш учун ё муртад бўлгани, ёки зино қилгани учун шариат ҳукми билан ўлдиришингиз мумкин)» (Анъом: 151).

«Ва (Аллоҳнинг дини билан) ўнглаб қўйилганидан кейин, ерда (куфр йўлини тутиб) бузғунчилик қилманг!» (Аъроф: 56).

«Эй мўминлар, Аллоҳнинг Ўзи учун ҳақ йўлни тутгувчи, адолат билан шаҳодат гувоҳлик бергувчи бўлингиз! Бирон қавмни ёмон кўришингиз сизларни адолат қилмасликка тортмасин!» (Моида: 8).

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Роббиси таборака ва таоло ҳақида ривоят қилар экан шундай дедилар: «Эй, бандаларим! Мен Ўзимга зулм қилишни ҳаром қилдим ва сизларнинг ўртангизда ҳам зулм қилишингизни ҳаром қилдим. Бас, бир-бирингизга зулм қилмангиз!» (Муслим 2577).

Рабоҳа ибн Робиъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам жиҳодларнинг бирида дедилар: «Холидга айтинглар, қария, аёл ва хизматкорларни ўлдирмасин!» (Аҳмад 3/488, Абу Довуд 1/416. Ҳасан ҳадис. Қаранг: «Ас-силсилатус-саҳиҳа» 2/314).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Сенга хиёнат қилганга хиёнат қилма» (Термизий 1264, Абу Довуд 3534. Саҳиҳ ҳадис. Қаранг: «Ас-силсилатус-саҳиҳа» 423).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мусулмонга бошқа бир мусулмонни қўрқитмоқлик ҳаромдир!» (Абу Довуд 4351, Термизий 3/431. Шайх Албоний ушбу ҳадисни саҳиҳ деганлар).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Мазлумнинг дуосидан қўрқ, ҳатто у кофир бўлса ҳам! Чунки у (дуо) билан Аллоҳ ўртасида парда йўқдир» (Аҳмад, Абу Яъло, ад-Диъя. Ҳасан ҳадис. Қаранг: «Саҳиҳул-жомиъ» 119).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким муоҳидни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳам ҳидламайди, ваҳоланки унинг ҳиди қирқ йиллик масофадан билинади» (Бухорий 2995).

Ҳофиз ибн Ҳажар айтадилар: «Ушбу ҳадис мусулмонлар билан шартномаси бўлган кофир ҳақидадир. Бу шартнома жизя тўлаш ёки ҳукмдор билан тузилган вақтинчалик сулҳ ёки мусулмон тарафидан берилган омонлик бўлиши мумкин» (Қаранг: «Фатҳул Борий» 12/259).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ким бир кишига ўз қони (яъни жонини) ишонса-ю, у уни ўлдириб қўйса, гарчи ўлдирилган киши кофир бўлса ҳам, мен қотилдан покман (яъни у мендан эмас)» (Аҳмад 5/223, Ибн Можа 2/896. Саҳиҳ ҳадис).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Огоҳ бўлингиз, ким муоҳидга зулм қилса ёки уни камситса ёки унга тоқатидан ортиқ ишни юкласа ёки унинг бирон нарсасини ўзининг розилигисиз олса, қиёмат куни мен унинг рақиби бўламан» (Абу Довуд 3052, Байҳақий 9/205. Саҳиҳ ҳадис).

Ҳофиз Ибн Абдул-Барр айтдилар: «Хиёнат ҳаром эканлигига имомлар ижмоъ қилишди!» (Қаранг: «ат-Тамҳид» 24/233).

Имом Абу Бакр Ибн ал-Арабий айтдилар: «Мусулмонлар билан урушаётган ва урушмаётганларга нисбатан адолат қилишлик вожибдир!» (Қаранг: «Аҳкамул-Қуръан» 4/288).

Имом Шофиий айтдилар: «Агар кофир ҳарбий Ислом юртига омонлик билан кирса ва вафот этса, унинг молини тегиш мумкин эмас! Мусулмон ҳукмдор унинг молини меросхўрларига, қаерда бўлишларидан қатъий назар,  юбориши керак!» (Қаранг: «ал-Умм» 4/296).

Имом Муҳаммад аш-Шайбоний айтдилар: «Агар бир гуруҳ мусулмонлар улар билан урушаётган кофирлар ҳузурига бориб: «Биз халифанинг элчиларимиз» деб, ўзларини халифадан хат олиб келгандек кўрсатиб, қандайдир қоғозни чиқаришса, уларнинг бу қилмишлари мушрикларга нисбатан хиёнат ҳисобланади. Агар уларга: «Киринглар» дейилса ва улар душман худудига киришса, модомики ушбу худудда эканлар, уларга душманлардан бирортасини ўлдириш ва молларидан бирор нарсани олиш мумкин эмасдир!» (Қаранг: «ас-Сияр ал-Кабир» 2/66).

Ҳофиз Ибн Абдул-Барр айтдилар: «Агар омонлик берилган душман кофирнинг қони ҳаром бўлар экан, кеча ва кундузни Аллоҳнинг ҳимояси остида қаршиловчи мўмин ҳақида нима ҳам дея оламиз?! Унга нисбатан қилинган хиёнат ёки уни ўлдирилишига қандай қарайсиз?!» (Қаранг: «ал-Истизкор» 14/84).

Шайхулислом Ибн Таймийя айтдилар: «Ривоят қилинишича: «Дарҳақиқат, Аллоҳ кофир бўлсада адолатли давлатга ёрдам кўрсатади, ҳамда иймонлик бўлсада адолатсиз давлатни ёрдамсиз қолдиради»» (Қаранг: «Мажмуъул-фатава» 28/63).

Бирор ким ушбу саҳифа муаллифларини кофирлар, махсус хизмат ходимлари ва ҳоказоларга тарафкашлик қилишда айблашга журъат қилса, унда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни, шунингдек ушбу уммат уламоларини кофирларни ҳимоя қилишда айбласин!

Ушбу саҳифа Аллоҳнинг ризолигига эришиш, ҳамда барча Исломни соф ҳолатига қизиқувчиларга Ислом хиёнат, ноҳақ қотиллик, талон-тарож, зўравонлик ва ҳоказолардан пок эканлигини етказиш мақсадида барпо этилди.

Лойиҳамиз ҳозирча янги. Шунинг учун Аллоҳ таолонинг изни билан янгиланиш ва қўшимчалар киритилади.

Лойиҳанинг асосий манбаси машҳур Anti-erhab саҳифасидир:

www.fatwa1.com/anti-erhab

Бу саҳифадан маълумотлар имкон қадар қўйиб борилади.

Шунингдек биз асосий манба сифатида террорчиликка бағишланган кўпгина уламоларнинг асарларидан фойдаланиш истагидамиз. Улардан:

«ал-Ирхаб асбабуҳу ва иъладжуҳу ва мавкиф ал-муслим минал-фитан» шайх Солиҳ ас-Суҳаймий.

«ал-Ирхаб ва асаруҳу аъла ал-афрад вал-умма» Зайд ал-Мадҳалий.

«ал-Амн фи ҳаяти-ннас ва аҳамиятуҳу фил-Ислам» шайх Абдуллоҳ ат-Туркий.

«ат-Татарруф вал-ғулув вал-ирхаб» шайх Албонийнинг шогирди: Машҳур ибн Ҳасан Али Салмон, Али ал-Ҳалабий, Муҳаммад ибн Мусо Наср, Солим ал-Ҳилолий, Басим ал-Жавабр.

«ал-Ирхаб вал-ғулув» шайх Абдурроҳман ал-Луайҳиқ.

«Асар ал-инхираф ал-эътиқодий аъла ал-ирхаб ал-аламий» доктор Саъд ибн Али аш-Шаҳроний.

«ал-Ирхаб фи мизан аш-шариъа» доктор Одил Абдулжаббор.

www.fatwa1.com/anti-erhab саҳифаси ҳамда юқорида санаб ўтилган асарлар, Аллоҳ таолонинг изни билан, ушбу лойиҳанинг манбаси сифатида хизмат қилади.

Шунингдек биз ушбу лойиҳамизда иштирок этаётган Мадина шаҳрининг баъзи талабалари томонидан юборган маълумотлардан фойдаландик. Ундан ташқари биз:

Ислом сари (К Исламу)

Салаф форуми (Саляф форум)

Ислом Нури (Свет Ислама)

Суннат сари (К Сунне)

саҳифалардаги маълумотлардан фойдаландик.

Мулоҳазалар бўлими аввалдан ўчирилган бўлади. Чунки бу ҳар ким фикрини билдира оладиган форум эмас.

Агар қандайдир имловий хатолик ёки таржимадаги ноаниқликни учратсангиз, илтимос қуйидаги манзилга мурожаат қилинг:

e-mail: antiirhab@gmail.com

Аллоҳ таоло барчамизга мададкор бўлсин!

«Ахир (қилган) ёмон амали ўзига чиройли кўриниб, уни гўзал (амал) деб ўйлаган кимса (Аллоҳ ҳақ йўлга ҳидоят қилган зот каби бўлурми)?! Зотан Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кимсаларни йўлдан оздирур ва Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур» (Фотир: 8).

«Биз ўша охират диёрини ер юзида зулму-зўравонлик ва бузғунчилик қилишни истмайдиган кишилар учун қилурмиз. Оқибат тақво қилгувчи кишиларникидир» (Қасас: 83).

http://uz.anti-irhab.ru/